Россия шу ҳафтада Украинага “ҳарбий тажовуз” қилиши мумкин – Блинкен
Олам
−
16 Февраль 2022
10478Россия шу ҳафтада Украинага қарши “ҳарбий тажовуз” қилиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен “France 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Агар Украина атрофидаги ҳудудларга Россия кучларининг жойлаштирилиши билан нима содир бўлаётганига назар ташласангиз, у шу ҳафтадан бошланадиган тажовузкорлик акти бўлиши мумкин”, деган Блинкен.
Давлат котиби, шунингдек, Москва Украина билан чегарада “борган сари кўпроқ бўлинмаларни жойлаштираётганидан” хавотир билдирган.
“Биз Россияни барча мавжуд келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиш учун дипломатик йўлдан бориши кераклигига ишонтиришга қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз, аммо агар тажовуз давом этса, биз бунга тўлиқ тайёрмиз”, деган у.
Маълумот ўрнида, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия истаган пайтида Украинага қарши ҳарбий амалиётларни бошлаши ва ҳужум турли шаклларда бўлиши мумкинлигини айтган.
Кеча, 15 февраль куни Украинадаги бир нечта банклар ва Мудофаа вазирлиги веб-сайтлари хакерлик ҳужумига учради.
Қайд этиш керакки, Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси