Россия Шимолий Кореяга ҳарбий ёрдам эвазига гуруч беради
Олам
−
04 Ноябрь
5024Россия ва Шимолий Корея ўртасида Пхеньянга молиявий ва озиқ-овқат инқирозини енгишга ёрдам берувчи битим имзоланди. Унга кўра, Россия КХДРга қўллаб-қувватлагани учун компенсация сифатида катта миқдорда гуруч етказиб беради. Бу ҳақда Жанубий Корея парламентининг Разведка қўмитаси аъзоси Ви Сон Лакга таяниб, “Korea Herald” хабар берди.
Қайд этилишича, КХДР йилига тахминан тўрт миллион тонна дон етиштиради, лекин бу аҳолини таъминлаш учун етарли эмас. Чунки, мамлакатда йиллик эҳтиёж камида беш миллион тоннани ташкил қилади. Агар Россия 600-700 минг тонна гуруч таклиф қилса, бу Шимолий Кореянинг йиллик эҳтиёжининг бир қисмини қоплашга етади.
Ви Сонга кўра, илгари Россия Шимолий Кореяга 50-100 минг тонна гуруч экспорт қилган. Янги келишув эса Россиянинг Шимолий Кореяга етказиб бериладиган дон ҳажмини бир неча баробар ошириш имконини беради.
Маълумот учун, Россия ва КХДР ўртасида ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик тўғрисида битим мавжуд. Ушбу ҳужжатнинг 4-моддасига кўра, агар томонлардан бири бир ёки бир нечта давлатнинг қуролли ҳужуми туфайли уруш ҳолатига тушиб қолса, иккинчи томон БМТ Низомининг 51-моддасига ҳамда КХДР ва Россия қонунларига мувофиқ барча имкониятлари билан унга ҳарбий ёрдам кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко Россия Федерацияси Украинага қарши урушга жалб этиши мумкин бўлган Шимолий Кореядан борган аскарлар Украина Қуролли кучларининг нишонига айланганини маълум қилган эди.