Россия Одессага зарба берди. Қурбонлар бор
Олам
−
18 Ноябрь
6280Бугун, 18 ноябрь куни Россия қўшинлари Одессага ракета зарбаси берди. Оқибатда 10 киши ҳалок бўлган, 39 киши яраланган. Бу ҳақда Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер маълум қилди.
Қайд этилишича, зарба оқибатида шаҳарда фуқаролик инфратузилмаси, шу жумладан, тураржой биноларига зиён етган, 10 киши ҳалок бўлган. Улар орасида 7 нафар полиция ходими, 1 нафар тиббиёт ходими ва 2 нафар фуқаро мавжуд. 39 киши, жумладан, 4 бола жароҳат олган.
“Одессада россияликлар фуқаролик инфратузилмасига мақсадли зарба берди. Қотиллар энди ўз ниятларини яширмаяпти”, деди Украина Президенти идораси раҳбари Андрей Ермак.
Украина Президенти Владимир Зеленскийга кўра, Россия томонидан Одессага йўналтирилган баллистик зарбаси оқибатида автомобиллар тураргоҳи, кўп қаватли уй, университет ва маъмурий бинога зарар етган.
“Бу тасодифий зарбалар эмас – намойишкорона зарбалар. Путин билан бўлган қўнғироқлар ва учрашувлардан кейин, зарбалардан “воз кечиш” ҳақидаги барча ёлғон миш-мишлардан сўнг Россиянинг ҳақиқатан нимадан манфаатдор экани аён”, деди Владимир Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Россия армияси Одесса шаҳри ва вилоятига учувчисиз самолётлар билан йирик ҳужум уюштирган эди. Оқибатда бир киши ҳалок бўлган, яна тўққиз киши жароҳатланган.