Россия Курил ороллари масаласига нуқта қўйди
Олам
−
14 Июль 2019
10613Россия Жанубий Курил оролларидан бўлган икки оролни Японияга бериш бўйича музокаралардан бош тортди. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Россия томони япон-америка ҳарбий ҳамкорлигини ҳисобга олиб, бу масала устида музокара олиб боришни ҳам истамаган. Шунингдек, мамлакат ҳудудининг бошқа давлатга берилиши Россия ичида раҳбариятга бўлган ишончнинг пасайиб кетишига олиб келиши мумкинлиги ҳисобга олинган.
1 июль куни G20 саммитининг расмий видеосида Жанубий Курил ороллари Япониянинг бир қисми сифатида кўрсатилгани маълум қилинганди. Шундан кейин Россия норозилик билдирди.
Маълумот учун, Япония Кунашир, Шикотан, Итуруп ва Хабомаи оролларини оккупация қилинган деб, Россиядан уни қайтаришни талаб қиляпти. Ўз навбатида расмий Москва Токиони Иккинчи Жаҳон уруши якунларини тан олишга чақиряпти.
Расмий Москванинг бу борадаги позицияси 1956 йилда имзоланган декларация асосида тинчлик шартномаси тузиш бўйича маслаҳатлашувларни давом эттиришдан иборат бўляпти. Ҳужжатга кўра, тинчлик шартномаси тузилгач, Совет Иттифоқи Шикотан ва Хабомаи оролини Японияга бериши керак бўлган. Аммо Кунашир ва Итуруп ороллари Иттифоқ таркибида қолиши белгиланган.
Вазиятга холисона қаралса, ҳар икки томон ҳам ўртадаги келишувга зид ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин.
LiveБарчаси