Россия Япония билан яна бир келишувдан чиқди. Токио норозилик билдирди

Олам

image

Россия Япония билан Курил оролларига япон фуқаролари – бу оролларнинг собиқ резидентларининг осонлаштирилган ташрифлар бўйича келишувни, шунингдек, ўзаро саёҳатлар тартиби тўғрисидаги келишувни бекор қилди. Россия Федерацияси ҳукуматининг тегишли қарори кеча, 5 сентябрь куни расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.

“СССР Ташқи ишлар вазири ва Япония Ташқи ишлар вазири ўртасидаги 1991 йил 14 октябрдаги ўзаро сафарлар тартиби тўғрисидаги мактублар алмашинуви шаклидаги Битим ҳамда Россия Федерацияси ҳукумати ва Япония ҳукумати ўртасидаги Япония фуқаролари – оролларнинг собиқ аҳолиси ва уларнинг оила аъзоларининг Кунашир, Итуруп ороллари ва Кичик Курил оролларига (Сахалин вилояти) осонлаштирилган ташрифларини ташкил этиш тўғрисида 1999 йил 2 сентябрдаги битим бекор қилинсин”, дейилади ҳужжатда.

Россия Ташқи ишлар вазирлигига Япония томонини қарор ҳақида хабардор қилиш топширилган.

Япония Россияга Москванинг Курил оролларининг жанубий қисмига Япония фуқаролари – бу оролларнинг собиқ резидентларининг осонлаштирилган ташрифлари бўйича икки томонлама келишувдан, шунингдек, ўзаро визасиз саёҳат қилиш тартиби тўғрисидаги келишувдан чиқиш қарори муносабати билан норозилик билдирди. Бу ҳақда бугун, 6 сентябрь куни Токиодаги матбуот анжуманида Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Хироказу Мацуно маълум қилди.

“Биз буни ноқонуний деб ҳисоблаймиз. Бизнинг нуқтаи назаримиздан, буни қабул қилиш мумкин эмас. Айни пайтда биз Россия томонидан расмий хабар олмадик. Айни пайтда биз кескин норозилик билдирдик”, дейди у.

Мацуно, шунингдек, Япония-Россия муносабатларининг ёмонлашуви учун жавобгарлик “бутунлай Россияда” эканлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Япония Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан Ғарб санкцияларига қўшилгач, Москва Токио билан тинчлик шартномасини тузишдан бош тортди. Бундан ташқари, Россия японларнинг Курил оролларига визасиз саёҳатларини бекор қилди ва ороллардаги иқтисодий фаолият бўйича мулоқотдан чиқди, шунингдек, Японияни "нодўстона" давлатлар рўйхатига киритди.

Маълумот ўрнида, Россия 1905 йилда Россия-Япония урушидаги мағлубиятдан сўнг Сахалиннинг жанубий қисмини Японияга топширган. 1945 йил февраль ойида эса Совет Иттифоқи Япония билан урушга кириш эвазига Сахалин ва Курил оролларини қайтариб олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Япония

Баҳолаганлар

653

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made