Россия Киркнинг ўлдирилишига муносабат билдирди
Олам
−
11 Сентябрь 14159 2 дақиқа
Америкалик фаол Чарли Киркнинг ўлдирилиши даҳшатли жиноят эди, жиноятчи ва унга алоқадорлар топилиши керак. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова журналистларга берган интервьюсида сўз очди.
“Биз жиноятчининг ўзини ва бу даҳшатли жиноятга алоқадор бўлган шахсларни топишимиз керак. Ким буни қилганини тушунмагунимизча, ҳеч қандай эрта хулоса чиқара олмаймиз”, деган россиялик дипломат.
Америка Президенти Дональд Трампнинг фаол тарғиботчиси Чарли Кирк кеча, 10 сентябрь куни Юта штатида, университетдаги нутқи чоғида бўйнидан ўқ еб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Кейинчалик АҚШ Президенти Дональд Трамп унинг вафот этганини эълон қилиб, мамлакат бўйлаб байроқларни туширишни буюрганди. Орадан кўп вақт ўтмай унинг ўлдиришда айбланиб, бир гумонланувчи қўлга олинди, аммо у сўроқ қилингач, қўйиб юборилди. Юта штати Жамоат хавфсизлиги комиссари Бо Мейсон қотил ҳануз озодликда эканини айтиб, у ҳақида маълумотлар фақатгина кузатув камераларидан олинганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, гумонланувчи қора кийимда бўлган ва узоқ масофадан, эҳтимол, томдан ўқ узган.
Чарли Кирк ким эди?
31 ёшли Чарли Кирк АҚШдаги энг машҳур консерватив фаоллардан бири эди. У 2012 йилда, 18 ёшида, бизнесмен Билл Монтгомери билан бирга Turning Point USA ташкилотига асос солди. Бу нодавлат тузилма талабалар орасида эркин бозор, чекланган ҳукумат ва “анъанавий қадриятлар”ни тарғиб қилади. Бугунги кунда Turning Point USA’нинг 850 дан ортиқ университетларда бўлимлари мавжуд.
Кирк мамлакат бўйлаб университетларда очиқ дебатлар ўтказар, подкастлар ва ижтимоий тармоқларда фаол эди. У Трампнинг сайлов кампаниясида ёшларни сафарбар қилишда муҳим роль ўйнаган, айниқса, Аризонада кўп минглаб янги сайловчиларни рўйхатдан ўтказишга кўмаклашган. Бу эса Трампнинг штатдаги ғалабасига ҳисса қўшган. Кирк Трампнинг инаугурациясига таклиф қилинган ва доимий равишда Оқ уй тадбирларида иштирок этган. Трамп уни ёшлар орасидаги машҳурлиги учун муҳим шахс сифатида тилга олган.
Маълумот учун, Киркнинг аёли ва икки фарзанди бор эди.