Киркни ўлдиришда гумонланган шахс қўйиб юборилди (видео)
Олам
−
11 Сентябрь 2025 9426 2 дақиқа
Кеча, 10 сентябрь куни Turning Point USA нотижорат ташкилоти раҳбари ва АҚШ Президенти Дональд Трамп тарафдори Чарли Киркнинг ўлдирилиши ортидан гумонланувчи қўлга олинди. У сўроқ қилингач, қўйиб юборилди. Бу ҳақда АҚШ Федерал қидирув бюроси раҳбари Каш Патель маълум қилди.
Унга кўра, ушбу қотиллик бўйича тергов давом этмоқда ва жараён шаффофлик билан ёритиб борилади.
Шу билан бирга, Юта штати Жамоат хавфсизлиги комиссари Бо Мейсон қотил ҳануз озодликда эканини айтиб, у ҳақида маълумотлар фақатгина кузатув камераларидан олинганини қўшимча қилган. Унинг сўзларига кўра, гумонланувчи қора кийимда бўлган ва узоқ масофадан, эҳтимол, томдан ўқ узган.
Юта штати губернатори Спенсер Кокс ҳам сўроқ қилинган шахс ҳақида маълумот берган. Дастлаб университет ҳудудида ёши катта эркак қўлга олингани ҳақида хабар тарқалган эди, бироқ кейин у ҳужумчи эмас, балки махсус хизматларга тўсқинлик қилгани учун ушлангани аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 10 сентябрь куни 31 ёшли Чарли Кирк Юта штатида, университетдаги нутқи чоғида бўйнидан ўқ еб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Кейинчалик АҚШ Президенти Дональд Трамп унинг вафот этганини эълон қилиб, мамлакат бўйлаб байроқларни туширишни буюрганди.
Чарли Кирк ким эди?
31 ёшли Чарли Кирк АҚШдаги энг машҳур консерватив фаоллардан бири эди. У 2012 йилда, 18 ёшида, бизнесмен Билл Монтгомери билан бирга Turning Point USA ташкилотига асос солди. Бу нодавлат тузилма талабалар орасида эркин бозор, чекланган ҳукумат ва “анъанавий қадриятлар”ни тарғиб қилади. Бугунги кунда Turning Point USA’нинг 850 дан ортиқ университетларда бўлимлари мавжуд.
Кирк мамлакат бўйлаб университетларда очиқ дебатлар ўтказар, подкастлар ва ижтимоий тармоқларда фаол эди. У Трампнинг сайлов кампаниясида ёшларни сафарбар қилишда муҳим роль ўйнаган, айниқса, Аризонада кўп минглаб янги сайловчиларни рўйхатдан ўтказишга кўмаклашган. Бу эса Трампнинг штатдаги ғалабасига ҳисса қўшган. Кирк Трампнинг инаугурациясига таклиф қилинган ва доимий равишда Оқ уй тадбирларида иштирок этган. Трамп уни ёшлар орасидаги машҳурлиги учун муҳим шахс сифатида тилга олган.
Маълумот учун, Киркнинг аёли ва икки фарзанди бор эди.
Live
Барчаси