Россия исталган вақтда Украинага ҳужум қилиши мумкин – Оқ уй

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия исталган вақтда Украинага ҳужумга ўтишга тайёр. Оқ уй Матбуот котиби Жен Псаки бундай босқинчилик Москва учун жиддий иқтисодий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.

“Ҳозир биз Россия исталган вақтда Украинага ҳужум қила оладиган босқичда турибмиз”, деган Америка Қўшма Штатлари Президенти Матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, Россия Президенти Владимир Путин Украина чегаралари бўйлаб 100 минг рус қўшинини тўплаш, шунингдек, қўшма машғулотлар, жумладан, Украинанинг шарқий чегарасида қўшимча машғулотлар ўтказиш учун Беларусга кучларини жойлаштириш орқали инқирозли вазиятни юзага келтирган.

“Биз бу фавқулодда хатарли вазият деб ҳисоблаймиз”, деган Псаки.

Оқ уй вакилининг таъкидлашича, Украинага қарши ҳарбий тажовуз содир бўлса, Россия жуда жиддий иқтисодий оқибатларга дуч келади. 

“Улар жиддий иқтисодий оқибатларга дучор бўладими ёки йўқми, бу Президент Путин ва русларнинг танлови”, деган у.

Эслатиб ўтамиз,  АҚШ Россиянинг Украинага  “босқини” жорий йил январь-февраль ойларининг ўрталарида бошланиши мумкинлигини маълум қилди.

Бунга жавобан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини сохта ва ахборот босими дея атаган.

“Conflict Intelligence Team” (CIT) эса Россия “Искандар” ракеталар мажмуасини ва яна бошқа оғир техникаларни ғарбий чегаралари томон ташиётганини маълум қилди. Унга кўра, ракеталар комплекси ва зирҳли артиллерия ортилган поездлар мамлакат Шарқий ҳарбий округидан ғарбга томон ҳаракатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина

Баҳолаганлар

231

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг