Россия Германия билан ҳарбий ҳамкорлик бўйича битимдан чиқди
Олам
−
19 Июль 7471 2 дақиқа
Россия Бош вазири Михаил Мишустин Германия билан ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги 1996 йилда тузилган келишувни бекор қилиш ҳақида фармойиш имзолади. Мазкур ҳужжат расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.
“Россия Федерациясининг халқаро шартномалари тўғрисидаги федерал қонуннинг 37-моддасига мувофиқ, 1996 йил 14 июнь куни Москвада имзоланган Россия ҳукумати билан Германия Федератив Республикаси ҳукумати ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўз кучини йўқотади”, дейилади ҳужжатда.
Россия Ташқи ишлар вазирлигига Германия томонини ушбу қарор ҳақида хабардор қилиш топширилган.
Россия ТИВ ушбу битимдан чиқиш нияти ҳақида жорий йилнинг июнь ойида маълум қилган эди. Ўшанда вазирлик битим расмий равишда амал қилаётган бўлса-да, у “мавжуд шароитда ҳеч қандай мазмун ва амалий аҳамиятга эга эмас”лигини ҳамда Россия-Германия ўртасидаги ҳозирги муносабатлар ҳолатига “мутлақо тўғри келмаслигини” билдирган эди.
ТИВ баёнотида, шунингдек, Германия ҳукумати “ўта ҳаддан ошган ташқи сиёсий амбициялар” билан ҳаракат қилаётгани, бу эса Россиянинг хавфсизлик бўйича асосий манфаатларига бевосита таҳдид солаётгани таъкидланган.
Германия эса Украина уруши бошланганидан бери Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича энг йирик донорлардан бирига айланган. 17 июль куни Германия канцлери Фридрих Мерц Лондонда Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Украинага узоқ масофали зарба берувчи қурол тизимларини етказиб беришни ваъда қилган. Бу қуроллар Британия ва Германия мудофаа саноати ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган.
Москва эса Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилишини кескин қоралайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси томонидан ҳаво ҳужумларининг кучайиши ва Киевнинг бир неча бор илтимосига қарамай, Германия Украинага TAURUS қанотли ракеталарини етказиб бермаслиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси