Россия элчихонаси ўзбекистонликлар урушга жўнатилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
Олам
−
03 Октябрь 2022
47494Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг Россиядаги фуқаролари мажбурий тарзда ҳарбий хизматга чақирилиши ҳақидаги хабар тарқалганди. Бунга Россия Ички ишлар вазири имзоси билан тасдиқланган буйруқ суратлари сабаб бўлганди.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси мазкур хабарларга муносабат билдириб, уни “фейк” деб атади.
“Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг сохта буйруғига таяниб, Россияда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари қисман сафарбар қилиниши, агар шартнома тузишдан бош тортса, гўёки уларнинг ишлашга рухсатномалари бекор қилиниши ва депортация қилиниши ҳақидаги нотўғри хабарлар тарқатилмоқда.
Россия Федерацияси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини турли даъватларга эргашмасликка, фақат расмий маълумотларга эътибор қаратишга чақирамиз”, дейилади дипломатик миссия хабарида.
Қайд этиш керакки, сурати тарқалган ҳужжатда мигрантларни ҳарбий хизматга жалб қилиш, улар буни рад этса, уларнинг ишлаш рухсатномасини бекор қилиб, мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида сўз борган.
LiveБарчаси