Россия дронлари ва ракеталари Польшага “хатолик туфайли” қулаган – Трамп
Олам
−
20:45 674 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Россиянинг учувчисиз учиш аппаратлари ва “бир жуфт кичик ракеталари” Польша ҳудудига тасодифан қулаб тушганини айтди. Бу ҳақда у “Fox News” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
Трамп айнан қайси ҳодисалар ҳақида сўз бораётгани ва нима сабабдан уларни тасодиф деб ҳисоблашига аниқлик киритмаган. У журналистлар билан Хитойдан Вашингтонга қайтаётганда – Варшава 20 ноябрга ўтар кечаси Польша ҳудудига учта Россия объекти қулагани ҳақида хабар беришидан олдинроқ суҳбатлашган.
Журналист Трампдан АҚШ Президентининг Шэньчжэндаги Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитидаги учрашув чоғида Россия Президенти Владимир Путинни “ўз дўсти” деб атаганига Польша Бош вазири Дональд Тускнинг билдирган муносабати ҳақида сўраган.
“Худойим, бизни бундай дўстлардан ўзинг асра”, деб ёзган эди Туск.
Трамп эса “бу борада ҳеч нарса қила олмаслиги” билан жавоб қайтарган.
Ўша интервьюнинг ўзида Трампнинг сўзларига қараганда, у Тускни Польша Президенти Кароль Навроцкий билан адаштириб юборган. У Польша Бош вазирини қўллаб-қувватлаганини ва у илгари “ўнинчи ўринда” бўлишига қарамай, айнан унинг ёрдами туфайли сайловларда ғалаба қозонганини айтган. Июнь ойида Трамп худди шу ҳикояни 2025 йилги президентлик сайловларида ғолиб чиққан Навроцкий ҳақида сўзлаб берган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 20 ноябрь куни эрталаб Польша Мудофаа вазирлиги Россиянинг Украинага берган оммавий зарбаси вақтида мамлакат ҳудудига учта Россия объекти қулагани ҳақида хабар берди. Улардан бири Х-101 қанотли ракетаси экани аниқланган. Ҳеч ким жабрланмаган. Туск объектларнинг Украинани қўллаб-қувватловчи давлатлар машғулотлари ўтказилаётган жой яқинига қулаши атайлаб уюштирилган провокацияга ўхшашини айтди. 20 ноябрга ўтар кечаси чегарадош икки воеводаликда ҳаво тревогаси эълон қилинган, Жешув аэропорти эса вақтинча ёпилган.
Live
Барчаси