Россия билан нормал муносабатларни тиклашнинг имкони йўқ – Чехия ТИВ

Олам

image

Чехия Ташқи ишлар вазирлиги Россия Украинага қарши урушни давом эттираётган бир пайтда у билан нормал муносабатларни тиклаш мумкин эмаслигини билдирди. Бу ҳақда Чехия Ташқи ишлар вазири Петр Мацинка маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия Украинага бостириб кириши орқали халқаро ҳуқуқни бузган ва Европа хавфсизлигига жиддий зарар етказган.

“Россия Украинага бостириб кириши орқали Европа хавфсизлигига жиддий зарар етказди. Бу тажовуз давом этаётган бир пайтда Россия билан нормал муносабатларни тиклашнинг имкони йўқ”, деган Мацинка.

Вазир Россиянинг тажовузи давом этаётган экан, унга нисбатан иқтисодий босим чораларидан воз кечишнинг ҳожати йўқлигини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, Чехия ва унинг иттифоқчилари Россияга таъсир кўрсатадиган жойларда бундай босим чораларидан фойдаланишда давом этади.

“Россиянинг Украинадаги уруши Европа хавфсизлиги учун асосий муаммолардан биридир. Чехия ҳарбий тажовуз халқаро сиёсатнинг муваффақиятли воситасига айланмаслигидан манфаатдор”, деган у.

Мацинкага кўра, уруш PR-кампанияси эмас, балки фожиали ҳақиқатдир. Шу сабабли, у давлатлар урушдаги қўллаб-қувватлашини намойиш этишда бир-бири билан рақобатлашмаслиги кераклигини айтган.

“Масъулиятли сиёсатнинг вазифаси имо-ишораларда рақобатлашиш эмас, балки хавфсиз ва узоқ муддатли тинчлик учун шароит яратиш ҳамда Чехия хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилишдир”, деган Чехия ТИВ раҳбари.

Шунингдек, у Украинадаги уруш дунёдаги барча хавфсизлик муаммоларини фақат шу можаро орқали баҳолашга сабаб бўлмаслиги кераклигини қайд этган. Вазир бошқа таҳдидлар қаторида назоратсиз оммавий миграция, энергетикага қарамлик ва технологик ортда қолишни санаб ўтган.

Мацинкага кўра, Чехия ҳукуматининг ташқи сиёсати учта асосий тамойил – реализм, ўзаро манфаат ва диверсификацияга асосланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чехия Президенти Петр Павел НАТОни альянснинг шарқий қанотида Россия томонидан давом этаётган провокацияларга жавобан “қатъий ва, эҳтимол, асимметрик” чоралар кўришга чақирганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг