Россия бензин экспортига қўйилган тақиқни бекор қилди     

Олам

image

Кеча, 17 ноябрь куни Россия ҳукумати бензинни мамлакатдан олиб чиқишга қўйилган тақиқни бекор қилди. Бу ҳақда "Интерфакс" хабар берди.

Жорий йилнинг 21 сентябридан Россия ички бозоридаги нархларни барқарорлаштириш учун автомобиль бензини ва дизель ёнилғисини айрим истисноли ҳолатлардан ташқари, четга экспорт қилишни чеклаган эди. Фақатгина 6 октябрдан ҳукумат чекловларнинг бир қисмини олиб ташлаб, дизель ёқилғисини экспорт қилишга рухсат берган эди.

РФ Энергетика вазирлигига кўра, икки ой ичида ички бозордаги вазият яхшиланган ҳамда автобензин етказиб бериш ва биржа савдо каналида профицит яратилган. Шунингдек, экспорт тақиқи туфайли биржадаги улгуржи нархлар пасайиб, ёқилғи захиралари қарийб 2 млн тоннага етган.

Эслатиб ўтамиз, "Reuters" агентлиги Россиянинг бензин ва дизель ёнилғиси экспортига қўйилган тақиқни бекор қилиши мумкинлиги ҳақида  хабар берганди.

Унда ҳукумат ёқилғи ишлаб чиқарувчиларни бензин ва дизель экспортига чекловларни олиб ташлашга тайёргарлик кўришини буюргани келтирилган. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ Россия томонидан бензин ва дизель ёнилғиси экспортига киритилган чекловлар Ўзбекистонга етказиб беришга таъсир қилмаганини ва давлатлар ўртасида ҳукуматлараро келишув тузилганини билдирган. Йил бошида Ўзбекистонга бензин импортининг аксар қисми Россия ҳисобига тўғри келган.


Мақола муаллифи

Теглар

экспорт ёқилғи Росия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг