Россия бензин экспортига қўйилган тақиқни бекор қилмоқчи
Олам
−
10 Ноябрь 2023
5377Россия келгуси ҳафта бензин ва дизель ёнилғиси экспортига қўйилган тақиқни бекор қилиши мумкин. Бу ҳақда "Reuters" хабар берди.
Унга кўра, ҳукумат ёқилғи ишлаб чиқарувчиларни бензин ва дизель экспортига чекловларни олиб ташлашга тайёргарлик кўришини буюрган.
Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Россия маълум тақчилликларни бартараф этиш мақсадида ёқилғи экспортига тақиқ жорий қилганди. 6 октябрь куни эса чекловларни бироз юмшатиб, дизель экспортига рухсат берди, лекин бензин етказиб бериш тақиқи ўз кучида қолди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ Россия томонидан бензин ва дизель ёнилғиси экспортига киритилган чекловлар Ўзбекистонга етказиб беришга таъсир қилмаганини ва давлатлар ўртасида ҳукуматлараро келишув тузилганини билдирган. Йил бошида Ўзбекистонга бензин импортининг аксар қисми Россия ҳисобига тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда бензин нархи бўйича рекорд нархлар янгилангани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Унда Тошкентдаги “Лукойл” ёқилғи қуйиш шохобчасига келтирилган Россиянинг AI-95 маркали бензинининг литри 18 500 сўм сотилаётгани айтилганди.
LiveБарчаси