Россия Беларусни босиб олмоқчими? Сўз Путинга
Олам
−
20 Декабрь 2022
12624Россия Президенти Владимир Путин Беларусни Россия томонидан “босиб олиш” режаларини рад этиб, буни бемаънилик деб атади.
Давлат раҳбари кеча, 19 декабрь куни беларуслик мавқедоши Александр Лукашенко билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида “Россия ҳеч кимни босиб олишдан манфаатдор эмас, бу шунчаки мантиққа тўғри келмайди”, деди.
“Гап босиб олишда эмас, масала кўплаб бошқа интеграцион бирлашмаларда бўлгани каби иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштиришда. Қолганларнинг ҳаммаси юзаки, бемаънилик, ёмон ниятлиларнинг интеграция жараёнларимизни секинлаштиришга уринишлари. Ва улар буни фақат жаҳон бозорларида самарали ва хавфли рақобатчиларга эга бўлмаслик учун қилишади”, деб тушунтирди Путин.
Унинг сўзларига кўра, Беларусь раҳбари Александр Лукашенко билан музокараларда нарх-наво масалалари муҳокама қилинган, учрашув мазмунли бўлган.
“Кўриниб турибдики, энг оддий кундалик масала, шу билан бирга, иқтисодиёт учун жуда нозик бўлган масала – бу нархларни белгилаш, энергетика соҳасида тарифларни белгилаш. Александр Григоревич, бугунги учрашув мутлақо тўғри, у жуда конструктив ва мазмунли бўлди”, дейди Президент.
Шу билан бирга, у Москва ва Минск иқтисодий фаолиятнинг бир қатор иштирокчиларини субсидиялаш бўйича турлича ёндашувларга эга эканлигини таъкидлади.
“Даража бошқа, ёндашувлар ҳам ҳар хил, шунинг учун биз унга чуқур кириб бориш ва умумий тамойилларга келишиб олиш муҳим. Божхона ва солиқни тартибга солиш соҳасидаги ишлар ҳам шу билан боғлиқ”, дея хулоса қилди Путин.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кеча, 19 декабрь куни Минскка борди. Бу Путиннинг 2019 йилдан буён Беларусга илк ташрифи.
LiveБарчаси