Россия Беларусга сут орқали таъсир ўтказмоқчи
Олам
−
16 Апрель 2019
4593Россия Федерацияси Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) доимий фаолият олиб борувчи органи Евроосиё иқтисодий комиссиясининг (ЕИК) мамлакат бозорларини рухсатномаси мавжуд Беларусь сут маҳсулотлари учун ёпиб қўймаслик тўғрисидаги қарорини бекор қилишга эришмоқчи.
Россия томоннинг иддаосига кўра, беларусь ветеринар назорати зарур ускуналарга эга бўлмаган заводлар маҳсулотини ҳам сертификатлаяпти ва бундай ҳолларда маҳсулотни қайтариш бўйича механизм иттифоқ шартномасида кўрсатилмаган.
Беларусь ўз навбатида шартнома шартлари бажарилишини талаб қиляпти. Мазкур масала ЕОИИнинг 30 апрель куни Ереванда ўтадиган Ҳукуматларар кенгаши йиғилишининг кун тартибига киритилган.
“Россельхознадзор” ўтган йилнинг ёзида мамлакатга кириб келаётган 2,5 литрлик ўрамдаги сут, қаймоқ ва қуруқ сут учун чеклов жорий қилганди. РФ бу ҳолатни ўз бозорини Беларусь сут маҳсулоти учун ёпиш деб ҳисобламайяпти. У кичикроқ ўрамдаги маҳсулотлар эркин киритилаётганини айтиб ўз фикрини маъқуллаяпти. Бироқ ЕИК буни бошқача тушуниб, РФга шартнома шартларини бажариш ва қўшни давлат сут маҳсулотларини қабул қилиш талабини қўйди.
ЕИКнинг тақиқни тўхтатиш тўғрисидаги қарори февраль охирида кучга кирди, расмий Москва суриштирув вақтида у тўхтатиб турилишига эришмоқчи.
Маълумот учун, Россия ва Беларусь ўртасида сиёсий қарама-қаршиликлар юзага келганда “сут уруши” юз беради. Аммо икки мамлакат тадбиркорлари бундай ҳолатларга эътибор бермай қўйган.