Россия Бахмутнинг 75 фоизини эгаллагани айтилмоқда
Олам
−
11 Апрель 2023
12109Кеча, 10 апрель куни Россия кучлари қамалдаги Бахмут шаҳрининг 75 фоиздан ортиғини ўз назоратига олгани айтилди. Бу ҳақда Украинадаги Донецк вилоятининг Москва назоратидаги қисмига Россия томонидан тайинланган раҳбар Денис Пушилин ўз Telegram каналида маълум қилди.
Хабарингиз бор, Бахмутда 13 ойлик урушнинг энг қонли жангларидан бири бўлиб ўтмоқда ва у ҳар икки томоннинг катта қурбонлари туфайли Биринчи Жаҳон уруши билан таққосланмоқда.
Денис Пушилин ўтган ёздан бери жанглар давом этаётган кичик кончилар шаҳри бўлган Бахмутга боргани тасвирланган видеолавҳани Telegram каналига юклаган. Унда Пушилин зирҳлар билан кийинган ҳолда портлаш овозлари фонида харобалар орасида юрганини кўриш мумкин. Номаълум ер ости жойидан олинган видеода Пушилин Бахмутга ҳужумда бошчилик қилган “Вагнер” гуруҳининг ёлланма қўшинлари жангчиларини мукофотлаганини кўриш мумкин.
“Ишонч билан айта оламанки, шаҳарнинг 75 фоиздан ортиғи бизнинг бўлинмалар назоратида. Лекин Бахмутнинг қулаши ҳақида гапиришга ҳали эрта”, деган Пушилин Бахмутга сафаридан сўнг “Россия-24” телеканалига берган интервьюсида.
Россия Бахмутнинг қўлга олиниши бутун Украина бўйлаб келажакда ҳужумлар ўтказиш имкониятини очиб беради, деса, Киев ва Ғарб ҳозир вайрон қилинган шаҳар фақат рамзий аҳамиятга эга, демоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2 апрель куни тунда “Вагнер” ёлланма гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин Бахмут қўлга олинганини эълон қилганди. Бироқ Украина ҳарбийлари буни рад этди. 5 апрель куни эса Урушни ўрганиш институти Россия қўшинлари Украинанинг Бахмут шаҳри шимоли, Хромово шимоли ва Орехово-Василевка шимоли-шарқида олға қадам ташлаётганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь