Улар қандайдир ҳожатхона устида байроқ кўтаришган – Россиянинг Бахмутни “эгаллаган”и ҳақида
Олам
−
03 Апрель 2023
17566Украина ҳарбийлари Россиянинг Бахмутни эгаллагани ҳақидаги даъволарини рад этди. Бу ҳақда "Reuters" хабар берди.
Қайд этилишича, украиналик ҳарбийлар бугун, 3 апрель куни Бахмут шаҳри маъмурий биноси олдида рус қўшинлари билан тўқнаш келганини маълум қилиб, уларнинг шаҳарни эгаллагани ҳақидаги даъволарини рад этган. Украина расмий вакилининг айтишича, улар байроқни бино тепасида эмас, "қандайдир ҳожатхона" устида кўтарган.
Бахмут учун жанглар иккинчи йилдирки давом этаётган урушнинг энг қонли тўқнашувларидан бири бўлиб турибди. Ҳар икки томон ҳам кўплаб қурбонлар эвазига шаҳарда назоратни қўлга киритишга интилмоқда. Бахмутнинг шарқий қисми эса кетма-кет бомбардимонлар оқибатида вайрон бўлган.
Кеча "Вагнер" ёлланма қўшинлари қўмондони Евгений Пригожин рус қўшинлари шаҳар маъмурий марказини эгаллаганини маълум қилиб, Украина қўшинлари ҳамон айрим позицияларни эгаллаб турганини айтганди. Шарқий ҳарбий қўмондонлик матбуот котиби Сергей Череватийнинг айтишича, Россиянинг шаҳарни эгаллаб олгани ҳақидаги даъвоси ёлғон.
"Бахмут – Украинаники. Улар ҳеч нарсани қўлга киритмади ва юмшоқ қилиб айтганда бундан анча йироқлар. Улар қандайдир ҳожатхонанинг устида байроқ кўтаришди. Ким ҳам биларди, деб латталарини осишди ва шаҳарни қўлга киритдик, дейишди", дейди у.
Нодиржон Мадаминов
LiveБарчаси