Россия ҳуcийларга Қизил денгиздаги кемаларни нишонга олишга ёрдам берди – WSJ
Олам
−
25 Октябрь
7779Россия Яман ҳуcийларига Қизил денгиздаги савдо кемаларига учувчисиз самолётлар ва ракета ҳужумлари учун рус сунъий йўлдоши маълумотларини тақдим этди. Бу ҳақда Европа Мудофаа вазирликлари вакиллари ва бошқа манбаларга таяниб, кеча, 24 октябрь куни “The Wall Street Journal” (WSJ) хабар берди.
Нашр суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, Россия сунъий йўлдоши маълумотлари Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИРҚК) ходимлари орқали узатилган.
“Россия томонидан тақдим этилган маълумотлар ҳусийларга зарбалар кўламини кенгайтиришга имкон берди”, деди у.
Россия ҳукумати “The Wall Street Journal” нашрига изоҳ бермади. Газетанинг таъкидлашича, Россиянинг ҳусийларга илгари эълон қилинмаган бу ёрдами Россия Президенти Владимир Путин АҚШ назоратидаги Ғарбнинг иқтисодий ва сиёсий тартибини бузиш учун қанчалик боришга тайёрлигини кўрсатади.
“Бу ҳолатда, Россия Қўшма Штатлар террорчи гуруҳ деб эълон қилган Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийларни дунёнинг энг гавжум юк ташиш минтақаларидан биридаги нишонларга зарба бериш учун қўллаб-қувватлади”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоиз, Ғазо секторидаги можаро авж олгани сари ҳусийлар Фаластин анклавидаги операция тўхтатилгунга қадар Исроилни ўққа тутиб, унга алоқадор кемаларнинг Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози орқали ўтишига йўл қўймасликлари ҳақида огоҳлантирган. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери улар Қизил денгиз ва Адан кўрфазида ўнлаб фуқаролик кемаларига ҳужум қилган.
Ҳусийларнинг ҳаракатларига жавобан Америка расмийлари Қизил денгизда навигация эркинлигини таъминлаш ва кемаларни ҳимоя қилиш учун халқаро коалиция тузилгани ва Prosperity Guardian операцияси бошланганини эълон қилди. Кейинчалик Буюк Британия ва Қўшма Штатлар қуролли кучлари Яманнинг турли вилоятларидаги ҳусийларнинг ҳарбий нишонларига мунтазам зарба бера бошлади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Американинг CNN телеканали Россия Яман ҳусийларига ракета ва бошқа ҳарбий техника жўнатиш ниятида бўлгани, бироқ Саудия Арабистони ва АҚШнинг саъй-ҳаракатларидан кейин “сўнгги дақиқада” ўз режасидан воз кечганини хабар қилганди.
LiveБарчаси