Роналду ва Кавани керак эмасми? МЮ ёш ҳужумчи олмоқчи
Спорт
−
14 Февраль 2022
4495“Манчестер Юнайтед”да ҳужум чизиғи билан боғлиқ жиддий муаммолар бор. Роналдунинг “қизил иблислар” сафига қайтиши бу муаммони баттар чигаллаштириб юборди. Маркус Решфорд ўтган мавсумлардаги формасини йўқотди. Бундан ташқари, манчестерликларнинг умиди сифатида қаралаётган Мейсон Гринвуд ҳам маъшуқасини калтаклагани учун қамалиб кетиши мумкин. “Боруссия Дортмунд”дан катта ишонч билан сотиб олинган, Жейдон Санчо ҳам ишончни оқламади.
“Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Ральф Рангникка кўра, жамоа ёзда ёш ҳужумчи билан шартнома имзолаши керак. Сабаби клубдаги асосий ҳужумчиларнинг ёши аллақачон 30 дан ўтиб бўлган. Ёзда шартномаси тугайдиган, Эдинсон Кавани 37 га тўлади. Катта эҳтимол, унга янгиланган шартнома таклиф қилинмайди.
“Қизил иблислар”нинг асосий юлдузи португалиялик Криштиану Роналду ҳам яқинда 37 га тўлди. Таъкидланишича, Роналду ҳам жамоадан кетмоқчи. Сабаби МЮ Европа Чемпионлар лигасидан қуруқ қоладиган бўлса, Криштиану фаолиятнинг охирги йилларини Европа лигасида ўйнаб ўтказиш ниятида эмас. Ҳозирда Роналду Манчестердаги келажаги ҳақида жиддий ўйламоқда.
Шуларни инобатга олган ҳолда, Рангник тўғри фикр билдирган бўлиши мумкин. МЮ янги даврни ёш ҳужумчилар билан бошласа, истиқболнинг яхшироқ бўлиши эҳтимоли юқори. Роналду ва Кавани улар футбол учун қиладиганларини қилиб бўлишди. Шунинг учун, таркибни ёшартириб олиш, фойдадан ҳоли бўлмайди. Агар, аксинча бўлса, ёши ўтган ҳужумчиларга ишонч билдирилаверса, ғалабалар узоқ муддатли бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, Ральф Рангник “Манчестер Юнайтед”га Оле Гуннар Сульшер ўрнига тайинланган эди. Бироқ унинг тайинланиши “қизил иблислар” учун унчалик омадли чиққани йўқ. Жамоа ЕЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолиши мумкин. Рангникнинг шартномаси ёзгача амал қилади. Унинг ўрнини Маурисио Почеттино эгаллаши кутилмоқда.
Маъруф Абдумаликов