Робахон Маҳмудова Мирзиёев ўрнига Президент бўлса нималар қилмоқчилиги очиқланди
Олам
−
29 Май 2023
23607Бугун, 29 май куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг навбатдан ташқари Қурултойи ўтказилди. Қурултой кун тартибидан Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод кўрсатиш ҳамда партиядан Ўзбекистон Республикаси президентлигига кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури тўғрисидаги масалалар ўрин олди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси президентлигига кўрсатилган номзод Робахон Маҳмудованинг сайловолди дастури ўнта йўналишдан иборат.
Булар ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш, илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасининг барқарор ривожини кафолатлаш, аҳоли саломатлигини кучайтириш, жамият барқарор ривожланишини таъминлаш, экология ва атроф-муҳитга эътиборни кучайтириш, фуқаролик жамияти, аёл ва оиланинг жамиятдаги ўрнини кучайтириш, юксак маънавиятли жамият барпо этиш, тинчликсевар, адолатли ва прогрессив ташқи сиёсат олиб боришни ўз ичига олади.
Шунингдек, номзод дастуридан инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун янги имкониятлар яратиш, қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган механизмлар билан қабул қилиш каби устувор вазифалар ўрин олган.
Номзод сайловолди дастурида фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030” дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, “Тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми тўғрисида”ги қонун қабул қилиш зарурати каби таклифларни илгари сурган.
Робахон Маҳмудованинг дастурида қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам бугунги кунда эътибор қаратиш керак бўлган йўналишлар хусусида таклифлар илгари сурилган. Жумладан, ишлаб чиқаришни илмий асосда ташкил этиш, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш, яқин келажакда Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги улкан имкониятларини рўёбга чиқариш, қишлоқ иқтисодиётини инновацион ривожлантириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, соҳани суғурталашнинг янги механизмларини амалга ошириш ҳамда ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жумладан “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш каби бир қатор таклифларини берган.
Шунингдек, саноат ишлаб чиқаришининг ва, умуман, миллий иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланмиш йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўлсозлик соҳасида бажарилаётган ишларнинг сифати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бу соҳада илмий тадқиқотлар ютуқларидан кенг фойдаланиш ҳамда олимларни рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш каби вазифалар ҳам номзоднинг дастуридан ўрин олган.
Бугунги кунда рақамли технологияларнинг давлат ривожланишига ҳиссаси жуда катта ҳисобланади. Шу сабабли, номзод Робахон Маҳмудова ўз сайловолди дастурида “Рақамли иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш концепцияси – 2030” дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш зарур деб ҳисоблашини қайд этиб ўтган.
Маҳмудова ўзининг сайловолди дастури билан таништириш давомида мамлакатнинг саноат салоҳиятини ошириш ва ҳудудларни изчил ривожлантиришда кичик саноат зоналари, иқтисодий ва саноат кластерларининг муҳимлигини инобатга олиб, ушбу соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Кичик саноат зоналари тўғрисида” қонун қабул қилиш зарурияти ва давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг шаффофлигини таъминлаш, бунда барча жараёнларни рақамлаштириш кераклигини алоҳида таъкидлаган.
Робахон Маҳмудованинг сайловолди дастуридан ўрин олган барча масалалар Қурултой қатнашчилари томонидан атрофлича муҳокама қилинган ва делегатлар томонидан қўллаб-қувватланган.
Сўзга чиққанлар номзоднинг сайловолди дастури бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ундаги айрим масалаларга эътибор қаратган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳасида фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принципларини аниқ белгилаш, соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш; аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишини таъминлаш каби масалаларга изчил эътибор қаратиш лозимлиги, шу билан бирга, тиббиёт ходимларининг мақомини қонун билан белгилаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларга нисбатан турли тазйиқларнинг олдини олиш ва бу борада қонунчиликни янада такомиллаштириш таклифлари ҳақиқатдан бугунги кунда эътибор қаратиш лозим бўлган йўналишлар эканлиги эътироф этилган.
Муҳокамалар якунида Ўзбекистон Республикаси президентлигига Маҳмудова Робахон Анваровнанинг номзодини кўрсатиш ҳақидаги таклиф ва уларнинг сайловолди дастури Қурултой делегатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган. Шунингдек, номзоднинг сайловолди дастурини кенг аҳолига етказиш партия фаоллари олдида турган муҳим масала эканлиги қайд этилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 9 июль куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Хамзаев, Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илёсович Иноятов, “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Маҳмудова Анваровна, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев президентлик учун курашади. "Миллий тикланиш" демократик партияси эса президентлик сайловига ўз номзодини қўймаслигини маълум қилган. Партияси раҳбари Алишер Қодиров амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан президентликка номзод Улуғбек Илёсович Иноятовнинг сайловолди дастури эълон қилинганди.