Ривалдо ва Денилсонга қарздорликни ким тўлаши керак?

Спорт

image

Бразилиялик футболчи Ривалдонинг даъволари “Zeromax” компаниясига қаратилган ва унинг маоши бўйича қарздорлик нега “Бунёдкор”га қўйилаётгани номаълум. Бу ҳақда футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўз Telegram саҳифасида маълум қилди.

Гап шундаки, Ривалдо ва бошқа хорижлик футболчилар билан уч томонлама шартномалар тузилган: футболчилар, клуб ва “Zeromax”. Футболчилар “Бунёдкор”да ўйнашлари керак эди, бироқ уларнинг маоши ва бошқа тўловлари “Zeromax” томонидан тўланиши керак.

“Пул ўтказмалари “Zeromax”нинг Швейцариядаги ҳисоб рақамларидан футболчиларнинг хорижий ҳисоб рақамларига, яъни Ўзбекистон банк маконини четлаб ўтган. Бу уч томонга ҳам солиқлар, банк ўтказмалари ва ўша пайтда Ўзбекистонда бўлган валюта конвертацияси билан боғлиқ муаммолардан қочиш имконини берган. Хуллас, Ривалдо “Бунёдкор” билан янги шартнома имзолаганида, тўлов мажбуриятлари қандайдир тарзда “Zeromax”дан клубга ўтган. Бундан ташқари, футболчиларга маошни “Zeromax” тўлаб бериши ҳақидаги банд шартномада сақланиб қолган, бироқ компания ўз фаолиятини тўхтатган”, деб ёзди Никимбаев Telegram саҳифасида.

Никимбаевга кўра, Ривалдонинг “Бунёдкор”га қарши даъволари ўринли бўлиб, бу CAS қарори билан тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Бунёдкор” Ривалдо ва Денилсон иши бўйича Швейцария Федерал трибуналига шикоят қилиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Ҳолат бўйича клуб олдида 3 та вариант мавжуд:

  • “Бунёдкор” агар, албатта, асос топса, Швейцария Федерал трибуналига мурожаат қилади.
  • “Бунёдкор” қарзни тўлиқ ёки қисман тўлайди (клуб Денилсон ва Ривалдо билан шартномадаги рақамларни қисқартириш бўйича музокара олиб борса).
  • “Бунёдкор” тўлашдан бош тортади ва фаолиятини тўхтатади.

Мақола муаллифи

Теглар

Бунёдкор Ривалдо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг