FIFA Ривалдо сабаб “Бунёдкор”га трансфер тақиқи қўйди

Спорт

image

Ривалдо билан ҳисоб-китоб қилинмагунича “Бунёдкор” футбол клуби янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмайди. Бу ҳақда FIFA’нинг 23 июндаги қарорига таяниб, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Футбол ассоциация кеча, 2 июль куни мазкур тақиқ ҳақида Лигани расман огоҳлантирган.

Аввалроқ, “Бунёдкор” бразилиялик собиқ футболчиси олдида юзага келган қарздорликни расман тан олиб, кейинчалик уни беш йил давомида босқичма-босқич тўлаб бориш юзасидан Ривалдо билан келишувга эришганди.

Қайд этилишича, 2024 ва 2025 йилги мавсумлар давомида клуб беш йиллик келишув доирасидаги мажбуриятларини бажарган. Бироқ 2026 йилга келиб, клуб таъсисчиси ва бош ҳомийси ҳисобланган “Ўзбекнефтгаз” АЖ “Бунёдкор” футбол клубини молиялаштиришни тўхтатгач, клуб жорий йилнинг май ойига қадар амалга оширилиши керак бўлган қарздорликнинг навбатдаги тўловини бажара олмаган.

Шундан сўнг Ривалдо FIFA’га қайта шикоят киритган. Қўшимчасига, “Бунёдкор” билан тузилган беш йиллик келишув шартлари ва унда назарда тутилган чегирмалар ҳам бекор қилинган.

Ўзбекистонда ёзги трансфер ойнаси 10 августга қадар давом этади. ПФЛнинг хабар беришича, эндиликда “Бунёдкор” янги футболчиларни Лига рўйхатидан ўтказа олмайди. Клуб мавжуд футболчилар билан мавсумни якунлаши, шунингдек, тақиқ кучга киргунига қадар “Бунёдкор” академияси тарбияланувчиси сифатида FIFA рўйхатида мавжуд бўлган ёш футболчиларнигина кейинчалик ўз қайдномасига қўшиши мумкин бўлади.

Шунингдек, жорий йилнинг 23 июнь санасидан кейин “Бунёдкор” футбол академиясига қабул қилинган ёш футболчилар ҳам мазкур тақиқ доирасида клуб учун рўйхатдан ўта олмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ мазкур қарз масаласидаги клуб ва Ривалдо ўртасидаги можаро ҳақида батафсил мақола эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг