“Бунёдкор” ва Ривалдо можароси: 9,2 миллион евролик қарз қачон тўлаб бўлинади?
Спорт
−
09:00 4487 8 дақиқа
“Бунёдкор” ва бразилиялик футбол афсонаси Ривалдо ўртасидаги можаро сўнгги йилларда Ўзбекистон футбол тарихидаги энг мураккаб ва энг узоқ давом этаётган молиявий-ҳуқуқий баҳслардан бирига айланган. Жорий йилнинг 14 май куни Тошкент клубининг собиқ футболчиси билан боғлиқ тортишувларнинг яна бир янги босқичи бошланди. 16 йил олдинга бориб тақладиган бу масала ҳали ҳам якун топмагани, жанубий америкалик собиқ футбол юлдузининг “қалдирғочлар”дан сўнги тийинигача ундириб олгунига қадар давом этиши тобора ойдинлашмоқда. Хўш, аслида “ёши ўтган” бўлсада, бир қатор дунё юлдузи даражасидаги футболчиларни жамлай олган клуб нега пул тўлай олмайдиган ҳолатга келиб қолди? Қуйида шу масалаларнинг сабабларини кўриб чиқамиз.
“Қурувчи”нинг “Бунёдкор”га айланиши
“Бунёдкор“ 2005 йил 6 июлда “Нефтгазмонтаж-Қурувчи” номи билан ташкил этилади. 2005 йилда клуб дастлаб Тошкент вилояти чемпионатида ўйнади ва ўша пайтлардаги ўзбек футболининг иккинчи лигаси (ҳозирда учбу лига Про-лига деб аталади) бўлган Биринчи лигага чиқиш учун Иккинчи лига плей-офф босқичига йўл олди ва кузда лигада ғолиб бўлади. Ўша пайтларда мусобақаларда “Қурувчи” номи билан қатнашган жамоа илк йилидаёқ биринчи марта профессионал лигага кўтарилди ва Ҳикмат Эргашев бошчилигида биринчи уринишдаёқ лига ғолиби бўлди. Жамоа 38 учрашувнинг 27 тасида ғалаба қозониб, 5 дуранг ва 6 мағлубият қайд этди.
2006 йилда Биринчи лигадаги ғалабадан сўнг, 2007 йилги мавсумда “Қурувчи” Ўзбекистон Олий Лигасида (ҳозирги Суперлига) дебют қилди. Тасаввур қиляпсизми? Ташкил этилганидан атиги 1,5 йил ўтиб олий лигада иштирок этиш! Бу ҳолат клуб ортида кучли молиявий имкониятга эга “каттаконлар” турганини ва жамоанинг бюджети анча бақувват бўлганини англатади. Ҳатто клуб Ўзбекистон Республикаси биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган. Аммо бирор марта расман тасдиқланмаган. Бу ҳақида кейинроқ.
“Қурувчи” Олий лигадаги биринчи мавсумидаёқ Тошкентнинг “Пахтакор” клубидан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон Кубогида ҳам клуб сенсацион тарзда финалга чиқди ва ўша “Пахтакор”га пенальтилар сериясида 6:7 ҳисобида ютқазди (асосий ва қўшимча вақт 0:0 ҳисобида якунланган). “Қурувчи” шу даврнинг ўзида бир нечта мамлакат рекордларини янгилади, жумладан энг кўп урилган гол, энг кам ўтказиб юборилган гол ҳамда фаворитларга қарши ўйинларда тўпланган очколар сони бўйича.
2008 йил “Бунёдкор”нинг Осиё Чемпионлар Лигасидаги дебют йили бўлиб, жамоа турнирнинг ярим финалига қадар етиб борди. Бу босқичда эса Австралиянинг “Аделаида Юнайтед” жамоасига икки ўйин натижасига кўра, умумий 3:1 ҳисобида мағлуб бўлди.
“Бунёдкор”ни бунёд қилган юлдузлар
Кун сайин, соат сайин юксалиб, каттариб бораётган “Қурувчи” 2008 йил 14 июлда ўзининг расмий сайти орқали “Барселона” юлдузи Самюэль Это’O билан олти ойлик шартнома имзолаганини эълон қилди. Бу воқеани клуб спорт директори Бахтиёр Бобоев тасдиқлаб, бу шартнома ўйин билан боғлиқ ҳамкорлик доирасида эканини айтди. У, шунингдек, камерунлик футбол юлдузи 17 июль куни шартнома имзолаши ва трансфер ҳар икки клуб президентлари ўртасидаги яхши муносабатлар туфайли амалга оширилганини таъкидлади. Шунга қарамай, “Барселона” расмий вакили бу трансфер ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини билдириб, “Менимча, бу унчалик катта эмас” деган мазмундаги изоҳ берган.
2008 йил 16 июлда “Marca” нашри ҳамда Ўзбекистон радиоси “Барселона” вакиллари Ўзбекистон футбол федерацияси билан музокаралар олиб бориш ҳамда ёшлар футболини ривожлантириш мақсадида Тошкентга келиши кутилаётгани ҳақида хабар берди. “Барселона” ва “Бунёдкор” ўртасида ёшлар футболи йўналишида ҳамкорлик бўйича ҳар йили янгиланадиган шартнома мавжуд эди. Эртаси куни Это′О “Қурувчи”га қўшилиш эҳтимоли борлигини тасдиқлади ва жамоа 2008 йил 23 июлда якуний қарор эълон қилинишини маълум қилди.
Орадан кўп ўтмай, “Бунёдкор” ва “Барселона” раҳбарияти икки клуб Тошкентда ўртоқлик ўйини ўтказиш бўйича келишувга эришгани ва ўзбек томони “Камп Ноу” стадионида машғулот ўтказиш имкониятига эга бўлишини маълум қилди.
2008 йил 31 июль ҳолатига кўра, Это′О Жозе Моуриньюнинг таклифига биноан “Бунёдкор”га рад жавобини беради ва Миланнинг “Интер” клуби билан келишувга эришди.
Это′О Тошкентга ташриф буюрганидан бир неча кун ўтиб, жамоага “Барселона”дан яна икки футболчи — Андрес Иньеста ва Карлес Пуйоль ҳамда “Арсенал” ярим ҳимоячиси Сеск Фабрегас ташриф буюрди. 2008 йил август ойида клуб номи “Қурувчи”дан “Бунёдкор”га ўзгартирилди.
2008 йил сентябрига келиб, Это′О трансфери амалга ошмаган бўлса-да, “Бунёдкор” Тошкентга икки машҳур бразилияликни олиб келди: Ривалдо ҳамда бош мураббий Зико. Ривалдо таништирувидан уч ҳафта ўтиб, унинг ватандоши Зико клуб билан бир йиллик шартнома имзолаб, жамоа бош мураббийи бўлди. Миржалол Қосимов эса бразилиялик Зикога маслаҳатчи-мураббий сифатида ёрдам берди. Ривалдонинг йиллик шартномаси солиқдан ташқари 6 миллион евро (2008 йил курсига кўра таҳминан 11 млрд сўм)ни ташкил этган, шунингдек, унга имиж ҳуқуқлари шартномаси асосида клубнинг бошқа даромадларидан 26 фоиз улуш берилган. Натижада у биринчи йилида тахминан 19 млрд 28 млн сўм даромад олган.
Шонли юксалишдан узоқ йиллик суд жараёнларигача
2008 йил ёзида шартнома имзоланганидан бир неча ой ўтгач, у маслаҳатчи вазифаларини бажариш билан бирга шартномани яна икки йилга, 2011 йил ёзигача узайтиришга рози бўлади. Аммо тез ишган шарнинг ёрилиши кундек равшан бўлгани каби, “Бунёдкор”нинг ҳам футболга тиккан пуллари тезда тугаб қолади, аниқроғи, ҳомийларнинг маблағлари камайиб боради. Ўша пайтларда “Бунёдкор”га яхшигина инвестиция қилгани айтилган Гулнора Каримова ва “Zeromax”нинг ўзини олдида жиддий муаммолар пайдо бўла бошлайди. Бунинг натижасида, молиявий маблағларнинг камайиши “Бунёдкор”га ҳам ўз таъсирини ўтказди. Банкротлик ёқасида турган ташкилот эса футболга бераётган пулларни қисишга ўтди.
Манбаларга кўра, 2009 йилдан бошлаб футболчиларга маошлар кечиктирилган, айрим тўловлар вақтида амалга оширилмаган. Кейинчалик Ривалдо ҳам маош тўловларида узилишлар бўлганини тасдиқлаган. Ҳатто айрим ҳолатларда у клуб ичидаги ходимларга ёрдам бериш учун шахсий маблағларидан фойдаланганини ҳам айтган.
“2009 йил ёзидан бошлаб футболчининг маоши тўхтатилди. Унга жиддий муаммо йўқлиги, шунчаки пул оқими билан боғлиқ муаммо борлиги айтилди ва бу ғайриоддий туюлса-да, у бу ташвишга сабаб эмас деб ўйлади. 2010 йил июлда, Zeromax банкрот бўлган вақтга келиб Ривалдо судга мурожаат қилишга қарор қилди”, дейди унинг адвокати. Шу пайтдан Ривалдонинг “Бунёдкор” билан шартномаси бир томонлама ўз ниҳоясига етади.
Маълумотларга кўра, Ривалдо ўша пайтда клубдан кўрган ўз зарарини тахминан 16 миллион евро деб баҳолаган.
2017 йил сентябрь ойига келиб, FIFA “Бунёдкор”га Ривалдо олдидаги қарзни тўлаши кераклиги ҳақида мажбурият юклади. 2023 йилга келиб халқаро Спорт арбитраж суди (CАС) FIFA қарорини тўлиқ тасдиқлади. CАС қарорига кўра, ўша пайтда “Бунёдкор”га Ривалдо ва Денилсонга тахминан 9,2 миллион евро (тахминан 124 миллиард сўм) тўлаш буюрилади.
Шундан:
• 2 489 947 евро – тўланмаган ўйинчи бонуслари ва йиллик 5% бонус;
• 5 664 000 евро – шартномани бекор қилиш учун компенсация ва йиллик 5% миқдорида бонус;
• 10 000 евро – арбитраж жараёни харажатлари учун компенсация.
Денилсон Мартинс Насcименто олдидаги мажбуриятлар – жами 1,11 миллион доллар:
Шундан:
• 700 000 доллар – тўланмаган бонуслар ва бразилиялик футболчига йиллик 5% бонус;
• 400 000 доллар – шартномани бузганлик учун компенсация ва йиллик 5% бонус;
• 10 000 доллар – Швейтсария франки – арбитраж жараёни харажатлари учун компенсация.
Шундан сўнг клуб директори Мурод Алиев ушбу қарзни тўлаш масаласи клуб раҳбарияти, яъни “Ўзбекнефтгаз” давлат компанияси томонидан ҳал қилинишини айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, адвокатлар бразилиялик футболчиларга тўланадиган тўлов миқдорини камайтириш устида иш олиб борган. Ўша пайтда шартнома “Бунёдкор” билан эмас, балки “Zeromax” компанияси билан имзоланган эди, бироқ шартномада “Бунёдкор” билан қўшимча келишув ҳам мавжуд бўлган. Шу сабабли ҳам ташкилот билан тузилган “Zeromax” банкротлигидан кейин клубга ўтган.
“Бунёдкор” клуби директори Алиев ушбу қарзларни тўлаш учун 2–3 йил вақт талаб қилишини айтиб ўтган. 2026 йилга келиб айтилган муддатнинг икки йили ўтган. Тахминан яна бир йиллик тўловлар қолган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра давлат идоралари футбол жамоаларига ҳомийлик қилишни тўхтатишни бошлади. Жумладан, “Бунёдкор”ни молиялаштириб келган ва унинг қарзларини қоплаб келаётган “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳам бу жараёндан четда қолмади.
2026 йилдан бошлаб, 15 апрелга қадар тўланмай қолган Ривалдо қарзи сабаб бу можаро яна кўтарилди. Тошкент клубининг баёнотида айтилишича, клуб ушбу масала юзасидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖдан ёрдам сўраган. Агар 30 кун ичида “Бунёдкор” собиқ футболчисига қарзларни тўламаса, жиддий санкциялар ва муаммоларга учраши аниқ.
Хўш, энди бу қарзларни ким тўлайди? Ҳомийсидан айрилган “Бунёдкор”ми ёки бир неча йил аввалги раҳбарлари аямай борини футболга сочган “Ўзбекнефтгаз” АЖми? Ёхуд Ўзбекистон футбол ассоциациясими? Ҳар ҳолда, бир пайтлар бу ишни бошлаб, охирини ўйлаб кўрмаган “Zeromax” эмас. Воқеаларни QALAMPIR.UZ’да кузатишда давом этинг — ҳаммасига жавоб топасиз!
Live
Барчаси