“Бунёдкор” Ривалдо ва Денилсон иши бўйича Швейцария Федерал трибуналига шикоят қилиши мумкин – Никимбаев
Спорт
−
04 Март
8168Бир неча кун олдин тармоқларда Халқаро футбол ассоциацияси (FIFA) Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби бразилиялик футболчилар Ривалдо ва Денилсонга 9,5 миллион евро (120 миллиард сўм) тўлаб бериши борасида қарор қабул қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Ўзбекистонлик футбол мутахассиси Алишер Никимбаев мазкур ҳолат бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Буни FIFA эмас, Спорт арбитраж суди (CAS) қарори бўлганидан бошлайлик. Суд мажлисининг ўзи ўтган йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган, аммо қарор ҳозирча эълон қилинган. Айтганча, ечимнинг ўзи ҳали CAS веб-сайтида мавжуд эмас”, дейди Никимбаев.
Никимбаевга кўра, “қалдирғочлар”га қўйилган қарорни амалга оширмасликнинг имкони йўқ.
“Қарор футбол ҳокимияти томонидан қабул қилинмаган бўлсада, уни амалга оширмасликнинг имкони йўқ, чунки CAS юрисдикциясининг тан олиниши футбол федерациясининг FIFA'га аъзо бўлиш шартларидан биридир. Бундан ташқари, “Бунёдкор”нинг ўзи клубларни лицензиялаш тизимида иштирок этиш учун ариза топшираётганда CAS юрисдикциясини тан олганлиги тўғрисида декларация тақдим этиши керак”, дейилади мутахассис Telegram саҳифасида.
Қайд этилишича, Тошкент клуби ҳолат бўйича фақат Швейцария Федерал трибуналида шикоят қилиш имкониятига эга.
“CAS қарорига фақат Швейцария Федерал трибуналида шикоят қилиш мумкин, аммо шикоят қилиш учун жуда кўп асослар мавжуд эмас – юрисдикциянинг йўқлиги, асосий процессуал қоидаларнинг бузилиши (масалан, адолатли судлов ҳуқуқини бузиш) ёки давлат сиёсатига мос келмаслиги”, деб ёзди Никимбаев.
Кейин нима бўлади? Бир нечта вариант мавжуд:
- “Бунёдкор” агар, албатта, асос топса, Швейцария Федерал трибуналига мурожаат қилади.
- “Бунёдкор” қарзни тўлиқ ёки қисман тўлайди (клуб Денилсон ва Ривалдо билан шартномадаги рақамларни қисқартириш бўйича музокара олиб борса).
- “Бунёдкор” тўлашдан бош тортади ва фаолиятини тўхтатади.
Агар, 2 ва 3-вариантлар амалга оширилса, “Бунёдкор” CAS белгилаган муддатларда қарздорликни ёпмаса, FIFA томонидан клубга вақтинчалик санкциялар (очколарни олиб ташлаш, қуйи лигага тушириш, трансфер тақиқлари) қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Бунёдкор” футбол клуби директори Ривалдо ва Денилсондан қарздорлик бўйича муносабат билдирганди.
LiveБарчаси