Рионинг йўқотилган юлдузи
Интервью
−
16 Август
19307Рио-2016 Олимпиадаси том маънода ўзбек спортини янги даражага кўтарди. Айниқса, Бразилия ареналарида ўзбек боксчилари томонидан эришилган натижалар делегациянинг Париж Олимпиадасига қадар тарихдаги энг яхши натижасини қайд этишига сабаб бўлганди.
Рио Олимпиадасида ўзбекистонлик боксчилар жами 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлганди.
Чарм қўлқоп усталаридан дастлабки медални қўлга киритган боксчилардан бири бу -91 кг вазнда баҳсларда қатнашган Рустам Тўлаганов эди.
Афсуски, ўша пайтларда ёрқин бокси билан катта тезликда мухлислар қалбидан жой олган Тўлаганов бугун бокс фаолиятида эмас. QALAMPIR.UZ 32 ёшли Тўлаганов боксдан нега узоқлашгани ва ҳозирги вақтда қандай фаолият билан бандлигига қизиқди.
Маълум бўлишича, Тўлагановнинг боксдан кетишига ўша пайтлардаги қатор муаммолар сабаб бўлган. Жумладан, унга терма жамоада кам эътибор қаратилган ва унинг ўрнига бошқа боксчи халқаро мусобақаларга олиб чиқилган, Тўлагановга эса ҳаваскор бокснинг эшикларини ёпишган.
“Риодан кейин менга ҳаваскор бокс тушишни тақиқлаб қўйишди. Кейин профга ўтиб жанг ўтказдим. Карантин сабаб профдаги фаолиятим ҳам тўхтаб қолди, кейин яна Ўзбекистонга қайтиб ҳаваскорда жанг қилмоқчи бўлдим, лекин ўша пайтларда федерацияда Рустам Тўлаганов ҳаваскор боксда жанг ўтказмасин, деган ҳужжат тайёрлашди. Шунақа ишлар оқибатида боксдан йироқлашиб кетдим”, дейди Тўлаганов.
Шунингдек, боксчи 2016 йил ва ҳозирги вақтдаги бокснинг фарқини айтди.
“Аввалги бокс анча агрессив эди. Ўзбек боксчилари яққол устунлик билан ҳаракат қилишмаса, ғалаба берилмас эди. Ҳозир эса унақа эмас, ҳозирда боксчиларимиз озгина устунлик қилса ва техника кўрсатса ҳам ғалаба қозоняпти, бизнинг даврда ғалабани рақибдан юлиб олиш керак эди”, дейди боксчи.
Маълумот учун, Рустам Тўлаганов Рио-2016 Олимпиадасидаги бронза медалдан ташқари, Осиё чемпионати ва Халқаро Универсиада ўйинларида ҳам совриндор бўлган. Бундан ташқари, у “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” ҳисобланади.