“Равшан Золотой” номи Интерпол қидируви рўйхатидан шубҳали тарзда олиб ташланди
3-саҳифа
−
25 июн 38465 5 дақиқа
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган Равшан Муҳитдиновнинг номи Интерпол сайтидаги қидирувдаги шахслар бўлимидан олиб ташланди.
“Равшан золотой” лақаби билан танилган ўзбекистонлик Равшан Муҳитдинов жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон сўрови билан Интерпол қидирувига берилган эди. Ўша вақтда жойлаштирилган эълонда 1988 йилда туғилган Равшан Муҳитдинов Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 242-моддаси 2-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш), 277-моддаси 3-қисми (Безорилик) билан айбланаётгани қайд этилганди.
-%D0%B2%D0%BE%D1%81%D1%81%D1%82%D0%B0%D0%BD%D0%BE%D0%B2%D0%BB%D0%B5%D0%BD%D0%BE-%D0%B2%D0%BE%D1%81%D1%81%D1%82%D0%B0%D0%BD%D0%BE%D0%B2%D0%BB%D0%B5%D0%BD%D0%BE(2).jpg)
Қидирув ҳақидаги эълон оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлганидан икки кун ўтиб, 19 апрель куни Равшан Муҳитдинов Instagram’даги саҳифасига Англия пойтахти Лондонда тушган суратини жойлаштириб, пост остига шундай изоҳ қолдирган:
“Ҳар бир йигит бошига ташвиш келса, йигитлик қилганда келсин! Инсонларга сотқинлик ёки Ватанга хоинлик қилганда эмас”.

Равшан Муҳитдиновга нисбатан халқаро қидирув эълони нега Интерпол сайтидан йўқолиб қолгани ҳозирча номаълум. Ички ишлар вазирлиги томонидан унга нисбатан эълон қилинган айблов ва ишнинг бориши ҳақида ҳам аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Ҳар ҳолда вазирлик Муҳитдинов нисбатан очилган жиноят иши ёпилгани ҳақида ахборот бермаган.
Бу Равшан Муҳитдиновнинг биринчи марта қидирувга берилиб, сўнг ҳаммаси тўхтатилиши билан боғлиқ биринчи ҳодиса эмас. У 2007 йилда (18 ёшида) Жиноят кодексининг бир нечта моддалари (жумладан, жиноий уюшма ташкил этиш) билан айбланиб, қидирувга берилган. У 12 йил давомида Ўзбекистондан ташқарида (асосан Истанбул ва Дубайда) истиқомат қилган. 2019 йилда унга нисбатан эълон қилинган қидирув бекор қилинди ва у Ўзбекистонга қайтиб келди. Хабарларга кўра, Муҳитдинов нисбатан ўша вақтда қўзғатилган жиноий ишлар қайта кўриб чиқилиб, оқланган.
Равшан Муҳитдинов таниқли тадбиркор ва Халқаро ҳаваскор бокс ассоциациясининг (AIBA) собиқ президенти Ғофур Раҳимовнинг жияни ҳисобланади.
Ижтимоий тармоқларда Равшан Муҳитдиновнинг ўз тоғаси Ғофур Раҳимов билан молиявий масалаларда келишмовчилиги бўлгани ва бу низо ҳатто жисмоний тазйиқларгача бориб етгани ҳақида видеомурожаатлар тарқалган.
Баъзи ОАВ ва экспертлар уни МДҲ ҳудудидаги таъсир доирасига эга шахслар билан яқин алоқада деб ҳисоблашади, бироқ Муҳитдиновнинг ўзи берган интервьюларида бундай иддаоларни рад этиб, шунчаки тадбиркор эканини таъкидлайди.
Маълумот учун, Интерпол (Халқаро жиноий полиция ташкилоти) базасидан, хусусан, қизил билдиришнома (Red Notice) берилган шахсларнинг исм-шарифлари ва қидирув эълонлари олиб ташланиши мураккаб ҳуқуқий жараён ҳисобланади. Бундай қарорлар Интерпол Бош котибияти ёки махсус мустақил орган — Интерпол файллларини назорат қилиш комиссияси (CCF — Commission for the Control of Interpol’s Files) томонидан қабул қилинади.
Агар қидирув эълон қилган давлат (сўровчи томон) шахсга нисбатан қўзғатилган жиноий ишни тугатса, айбловларни олиб ташласа ёки ўша давлатда амнистия эълон қилинса, қидирув ўз-ўзидан асоссиз бўлиб қолади. Давлат бу ҳақда Интерполни хабардор қилади ва сўров бекор қилинади.
Шунингдек, қидирувдаги шахс қўлга олинса, сўровчи давлатга топширилса (экстрадиция) ёки ўз юртида жазони ўташга киришса, қизил билдиришнома ўз мақсадига етган ҳисобланади ва тизимдан ўчирилади.
Қолаверса, Интерпол қоидаларига кўра, ташкилотнинг сиёсий, ҳарбий, диний ёки ирқий характерга эга бўлган ишларга аралашиши қатъиян ман этилади. Агар қидирувга берилган шахс (ёки унинг адвокатлари) CCF комиссиясига ушбу таъқиб аслида сиёсий мотивларга эга эканини ёки инсон ҳуқуқларини бузиш мақсадида қилинганини исботлаб берса, Интерпол билдиришномани бекор қилади.
Интерпол Низомининг 2-моддасига мувофиқ, ташкилот фаолияти Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси руҳига мос келиши керак. Агар шахс ушбу қидирув натижасида ватанида қийноқларга солиниши, адолатли судловдан маҳрум этилиши ёки ҳаёти хавф остида қолишини асослаб бера олса (айниқса, унга бирор давлат томонидан сиёсий қочқинлик мақоми берилган бўлса), қидирув олиб ташланади.
Қидирув бекор қилинишига яна қўшимча асослар:
• Сўровчи давлат томонидан тақдим этилган жиноят иши ҳужжатларида жиддий камчиликлар бўлса:
• Жиноят таркиби етарлича асосланмаган бўлса;
• Қидирувга бериш учун белгиланган молиявий ёки ҳуқуқий чегаралардан (масалан, енгил жиноятлар учун қизил билдиришнома берилмайди) паст бўлса;
• Миллий даражадаги ҳибсга олиш ордери ноқонуний ёки хато чиқарилган бўлса.
Агар жиноят содир этилган вақтдан бошлаб қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортишнинг эскириш муддати ўтиб кетган бўлса ва шахс ҳали ҳам ушланмаган бўлса, ушбу асос билан ҳам қидирувни бекор қилиш сўралиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Равшан Муҳитдиновнинг божаси – “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган тадбиркор Санжар Каримов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. QALAMPIR.UZ'га оид маълумотларга кўра, Санжар Каримов Равшан Муҳитдиновнинг қайнотаси ҳам куёвларига айблов эълон қилинган даврда ҳибсга олинган. У Жиноят кодексининг қайси моддалари билан айбланаётгани маълум эмас.
Live
Барчаси