Равшан Усмонов яна бир давлатга элчи этиб тайинланди

Олам

image

Ўзбекистоннинг Ирландияга янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов (қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашган) мазкур давлат Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги Протокол департаменти бошлиғи Ральф Викторийга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Ирландия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашилди. Савдо-иқтисодий, маданий ва туризм соҳаларида алоқаларни жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ҳамда қайта тикланувчи энергия соҳалари истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.

Учрашув сўнггида Ирландия томони Ўзбекистон элчисига икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва кенгайтириш йўлидаги ишларига муваффақиятлар тилади.

Маълумот учун, Равшан Усмонов Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети ва Бирмингем университети (Буюк Британия)ни битирган.

2000 йилдан ташқи сиёсат бўлимида иш бошлаган, марказий аппаратда ва Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонасида турли лавозимларда фаолият юритган.

Кейин у Ташқи ишлар вазирлигининг Европа давлатлари ва НАТО билан ҳамкорлик бўйича дирекциясини бошқарган. Франциядаги элчи, шунингдек, Италия ва Португалиядаги ўриндошлик асосидаги элчи лавозимида фаолият кўрсатган. 2018 йилдан 2023 йилгача Усмонов Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси бўлиб ишлаган. У айни пайтда Буюк Британиядаги элчи ҳам ҳисобланади. Шунингдек, яқинда Ўзбекистоннинг Исландиядаги биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Мальдив Республикасига тайинланган биринчи элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида жойлашган) Сардор Рустамбоев ушбу мамлакат Президенти Муҳаммад Муиззуга ишонч ёрлиқларини топширганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ирландия Равшан Усмонов Ральф Викторий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг