Расмий Москва Қорақалпоғистондаги намойиш бўйича муносабат билдирди

Олам

image
0:00
0:00
download

Москва Қорақалпоғистондаги воқеаларни Ўзбекистоннинг ички иши деб билади, республика расмийлари яхши ишламоқда, вазият назорат остида. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.

“Ўзбекистон бизнинг иттифоқдошимиз, дўст давлатимиз, жуда муҳим ҳамкоримиз. Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳамма нарса шу давлатнинг ички иши”, деган Кремль матбуот котиби.

Песковнинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси Ўзбекистон раҳбариятининг фаол ҳаракатлари сабаб барча мавжуд муаммолар ҳал этилишига шубҳа қилмайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

Бугун, 4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қорақалпоғистондаги намойишлар

Баҳолаганлар

717

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг