Расман! Ўзбекистон Гонконг билан визасиз тартибни жорий этади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 4 июнь куни Хитой Халқ Республикаси Гонконг махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбари Жон Ли Ка-чиу бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот аввалида Ли Ка-чиу Ўзбекистон раҳбарига Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Учрашувда Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини, шу жумладан, Гонконг билан ҳудудлараро алмашинувлар ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш орқали янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Суҳбат чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилган.

Олий даражада эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда. Май ойида Пекин шаҳрида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Сиан шаҳрида учинчи Ҳудудлараро форум муваффақиятли ўтказилди, Гонконгда иқтисодий форум ва саноат кўргазмаси бўлиб ўтди, Ўзбекистон савдо уйи очилган.

Ўзбекистон ҳудудларининг Гонконг билан иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш учун мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилган. Тошкент шаҳрига Гонконг ишбилармон доиралари вакилларидан иборат катта делегация ташриф буюргани ушбу йўналишдаги шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирилган.

Савдо-иқтисодий ва молиявий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш, таълим, туризм ва ишбилармонлик алмашинувларини ривожлантириш ҳамда тўғридан-тўғри авиақатновлар ва фуқароларга консуллик хизматлари кўрсатишни йўлга қўйишни назарда тутувчи комплекс ҳамкорлик дастурини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланган.

“Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, биотехнологиялар, рақамли иқтисодиёт, финтех, инновацион стартаплар, сунъий интеллект ва бошқалар устувор соҳалар сифатида қайд этилган.

Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш, шунингдек, ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш ҳамда яқин фурсатда Гонконг билан икки томонлама асосда визасиз тартибни жорий этиш юзасидан келишувга эришилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Тошкент шаҳрида Гонконг махсус маъмурий ҳудуди администрацияси раҳбари Жон Ли Ка-чиу билан учрашганди. Учрашув давомида ўзаро визасиз режимни ўрнатиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тузиш нияти бўйича вербал ноталар алмашилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Гонконг визасиз тартиб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг