Расман! Роналду Португалия терма жамоасидан четлатилди

Спорт

−

image

Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналдуга нисбатан интизомий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Португалия футбол федерациясига таяниб, “A Bola” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, федерациянинг Интизом кенгаши футболчининг терма жамоа йиғинини рухсатсиз тарк этгани юзасидан иш очган. Хабарда Роналдунинг барча учрашувларда иштирок этиши вақтинча тақиқлангани айтилган.

Роналду терма жамоа йиғинини белгиланган муддатдан олдин тарк этган. Унинг айтишича, бунга бош мураббий Хорхе Жезушнинг унга берган ваъдаларини икки марта бузгани сабаб бўлган.

Ҳужумчи Уэльсга қарши Миллатлар лигаси учрашувида майдонга тушган ва Португалия 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Кейинги Норвегияга қарши баҳсда эса Роналду захирада қолдирилган. Футболчининг таъкидлашича, у дастлаб ушбу ўйинда иштирок этиши режалаштирилмаган бўлса-да, мураббий ундан 30 дақиқа ўйнашга тайёр туришни сўраган. Аммо ўйинга туширилмаган.

Португалия футбол федерациясининг интизомий қоидаларига кўра, терма жамоа йиғинини рухсатсиз тарк этган футболчи бир ойдан олти ойгача муддатга терма жамоа ўйинларидан четлаштирилиши ва 500 евродан 1000 еврогача жаримага тортилиши кўзда тутилган.

Маълумот учун, 41 ёшли Роналду фаолияти давомида беш марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан, Европа чемпиони ва икки карра Миллатлар лигаси ғолиби бўлган. У миллий терма жамоалар, Европа чемпионатлари, Чемпионлар лигаси ҳамда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бири ҳисобланади. Ҳужумчи 2022 йил декабридан буён Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” клубида тўп тепмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг