Расман: маст ҳолда машина ҳайдаганлар жиноий жавобгарликка тортилади

Жамият

image

Эндиликда Ўзбекистонда транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқарганлик ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Бу кеча, 20 февраль куни қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун билан белгиланди.

Жиноят кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, қуйидагилар учун жиноий жавобгарлик белгиланди:

  • Автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини ёки идентификация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаганлик, ўтказганлик ёки улардан фойдаланганлик, шунингдек уларни қалбакилаштирганлик учун;
  • Автомототранспорт воситалари, шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини ва тракторчи-машинистларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳонлар ўтказиш ва гувоҳномалар бериш тартибини бузганлик учун;
  • Транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқарганлик ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун;
  • Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик учун;
  • Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун.

Бунда транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик, яъни уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Маълумот учун, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 2021 йилда 40 542 та, 2022 йилда 47 365 та ва 2023 йилда 41 866 та,  2024 йилда 31 436 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Биргина 2024 йилда қарийб 8 минг нафар ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги аниқланган. 
2024 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси (транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш) ва 136-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларини ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларини маст ҳолда текширувдан ўтказишдан бўйин товлаш) билан 32 999 нафар шахсга нисбатан 32 723 та иш кўриб чиқилган. Хусусан, 31 351 нафар фуқарога нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо чоралари қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳайдовчи автомобиль йўл ҳаракати қоидалари маст

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг