Ўзбекистонда Хитой автомобиллари савдоси қарийб 50 фоизга ошди
Interesting
−
17:03 889 1 minute
Жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда 36 176 дона янги автомобиль сотилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли 12 фоизга кам, бироқ сентябрь кўрсаткичидан 6,3 фоизга кўп. Бу ҳақда Ўзбекистон Автомобиль бизнеси ассоциацияси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг январь-октябрь ойлари якуни бўйича янги автомобилларнинг умумий сотув ҳажми 318 минг 949 донани ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22 минг 257 дона автомобилга ёки 6,5 фоизга камайган.
Бозорнинг асосий тенденцияларидан бири Хитой автомобиль брендларининг мавқейини мустаҳкамлаш бўлиб қолмоқда. Январь-октябрь ойлари якунларига кўра, уларнинг умумий улуши 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 фоиз пунктига ошиб, 18,4 фоизга етган. Шу билан бирга, автомобиль бозорининг умумий қисқаришига қарамай, Хитой автомобиллари сотуви 48,2 фоизга ошган.
Ҳудудлар кесимида ўн ойда энг кўп янги автомобиллар Тошкент шаҳри (92 567 дона), Самарқанд (25 899) ва Фарғона (25 132) вилоятларида сотилган. Энг кам сотув ҳажми Қорақалпоғистон Республикаси (9 384) ва Сирдарё вилоятида (4 952) қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли автотранспорт воситалари сони 5 миллион донага яқинлашгани ҳақида хабар берилган эди.