Расман: энди китоб ўқиган маҳкумларнинг жазо муддати қисқаради
Жамият
−
16 Январь 1689 2 дақиқа
Ўзбекистонда эндиликда китоб ўқиган айрим маҳкумларнинг жазо муддати қисқартирилиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 15 январь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунида сўз боради.
Ушбу қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Киритилган қўшимчаларга кўра, Жиноят кодекси 73-моддасининг (жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш) 4-қисмида кўрсатилган шахс (бундан умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганлар мустасно) озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўташ даврида унга тайинланган жазони ўташ муддати қисқартирилиши мумкин.
Бунда маҳкумларда тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган, белгиланган тартибда тасдиқланган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиганлиги факти тасдиқланиши лозим.
Муддат ҳар бир ўқилган китоб учун 3 кунга, бироқ 1 йилда кўпи билан 30 кунгача қисқартирилиши мумкин.
Китоб ўқиганлик фактини аниқлаш унинг жазони ижро этиш муассаса маъмуриятига берган аризасига асосан, жазони ижро этиш муассасаси ходимлари, жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия томонидан амалга оширилади. Комиссия йиғилиши йилига камида 2 марта ўтказилади.
Имтиҳон натижалари бўйича комиссия томонидан маҳкумнинг китоб ўқиганлиги фактини тасдиқлаш ҳақида хулоса қабул қилинади. Хулосанинг кўчирма нусхаси прокурорга юборилади, маҳкумга имзо қўйдириб топширилади, шунингдек маҳкумнинг ҳимоячисига унинг сўровига кўра берилади.
Маҳкумнинг китоб ўқиганлиги фактини тасдиқлаш ҳақида хулоса қабул қилинганда муассаса маъмурияти судга жазони ўташ муддатини маҳкум тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан қисқартириш тўғрисида тақдимнома юборади.
Маҳкум тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан унинг жазони ўташ муддатини қисқартириш суд томонидан амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда маҳкумларга масофали видео-учрашувдан фойдаланиш ҳуқуқи берилганди. Хусусан, маҳкумнинг ўз шахсий маблағлари ҳисобидан тўланадиган, 15 дақиқа давом этадиган 1 марта масофали видео-учрашув ёки телефон орқали сўзлашиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
Live
Барчаси