Расман! АПЛ янги мавсуми старт олди
Спорт
−
08:34 1180 2 дақиқа
Кеча, 21 август куни “Арсенал” Англия Премьер-лигасининг янги мавсумидаги биринчи учрашувида ўз майдонида “Ковентри”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа, АПЛ 2026-2027 йилги мавсум расман старт олди.
Ушбу учрашув Лондон шаҳридаги “Эмирейтс” стадионида бўлиб ўтди. Ғолиб жамоа таркибида Кай Хаверц 15-дақиқада ҳисобни очган бўлса, Букайо Сака 23-дақиқада иккинчи голни урди. Мартин Эдегор эса 49-дақиқада “Арсенал”нинг учинчи голига муаллифлик қилди.
Ўтган мавсумда “Арсенал” 2004 йилдан буён илк бор Англия Премьер-лигасида чемпион бўлди. Шунингдек, жамоа Чемпионлар лигаси финалига қадар етиб бориб, ҳал қилувчи баҳсда “Пари Сен-Жермен”га мағлуб бўлганди.
“Ковентри” эса 2000-2001 йилги мавсумдан кейин биринчи марта Англия Премьер-лигасида иштирок этмоқда. Ўша мавсумда жамоа чемпионатни 19-ўринда якунлаган эди.
“Ковентри” бош мураббийи уч карра Англия чемпиони, “Челси” билан Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ғолиби Франк Лэмпард ҳисобланади. У 2024 йилда жамоа бошқарувини қўлга олган. “Ковентри” ўтган мавсумда Англия чемпионатининг иккинчи даражали дивизионида ғолиб чиққан эди.
Маълумот учун, кейинги турда “Арсенал” жорий йилнинг 31 август куни сафарда “Астон Вилла”га қарши майдонга тушади. “Ковентри” эса 29 август куни ўз майдонида “Халл Сити”ни қабул қилади.
Live
Барчаси