Аэропортда мазаси қочган аёл деярли бир соатдан сўнг шифохонага олиб кетилган
Жамият
−
08 Октябрь
7784Аввалроқ, Дубай-Тошкент авиарейсида учиб келган 38 ёш атрофидаги аёл божхона текширувида ушланиб қолгани ва оқибатда соғлиғи ёмонлашиб, шифохонага олиб кетилаётганда вафот этгани хабар қилинганди. Мазкур ҳолатга Uzbekistan Airports муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, кеча, 7 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 17:34 да Тошкент халқаро аэропорти тиббиёт пунктига йўловчининг учиб келиш залида ўзини ёмон ҳис қилаётгани ҳақида хабар келиб тушган. HY-334 Дубай – Тошкент рейси билан келган 1986 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси паспорт назоратидан ўтгач дарҳол ёрдам сўраган. Йўловчи бош оғриғи ва ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилган.
"Йўловчи шикоятлари ва у билан бирга учиб келган шахсларнинг сўзларини инобатга олган ҳолда аэропорт тиббиёт пункти ходимлари биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохонага ётқизиш учун шаҳар тез ёрдам хизматини чақиришган", дейилади хабарда.
Билдирилишича, соат 18:32 да тез ёрдам машинаси йўловчини Тошкент аэропортининг учиб келиш залидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов аёл шифохонага ётқизилгани ва унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилаётганини айтганди. Бироқ QALAMPIR.UZ журналисти билан суҳбатлашган аёлнинг оила аъзолари ҳозирда шифохонадалиги айтилаётган аёл йўлда вафот этганини билдирди.
LiveБарчаси