Рамзан Қодировнинг аҳволи оғир – Украина разведкаси

Олам

image

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров сурункали касалликларининг кучайиши туфайли оғир аҳволда. Бу ҳақда Украина Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов маҳаллий ОАВга берган интервьюсида маълум қилди.

“Ҳарбий жиноятчи Қодировнинг аҳволи оғирлиги ҳамда сурункали касалликлар билан курашаётгани ҳақида бизда маълумотлар бор”, деган Юсов. 

Унинг айтишича, дастлабки маълумотлар турли манбалардан тасдиқланган ва ҳеч қандай жароҳатлар билан боғлиқ эмас. 

“Қодировнинг аҳволи ёмонлиги ҳақидаги миш-мишлар биринчи марта пайдо бўлаётгани йўқ. Аммо бу сафар унинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида  турли соҳа, жумладан, тиббиёт ва сиёсат вакилларидан маълумот олдик”, дейди разведка бошқармаси ходими.

Бироқ Рамзан Қодировга яқин манбалар бундай хабарларни рад этмоқда. Хусусан, унинг ёрдамчиси Умар Даудов ижтимоий тармоқларда Қодиров оиласи билан кечки сайр қилгани акс этган видеони эълон қилди.

“Кечки сайр оила билан кечки овқатнинг ажойиб якуни бўлди. Дўстлар, бу қувончли дақиқаларни қўлдан бой берманг! Вақт топиб, оилангиз билан бирга бўлинг – уларни ҳам, ўзингизни ҳам хурсанд қилинг”, деб ёзган Даудов видеолавҳа изоҳида. 

Бироқ мазкур видео қачон суратга олингани номаълум.

Маълумот учун, Рамзан Қодиров ўтган йил охиридан бери ўзининг соғлиғи ҳақидаги миш-мишларни рад этиб келади. 2022 йил декабрь ойида у мунтазам тиббий кўрикдан ўтаётганини, жиддий муаммолар йўқлигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Чеченистон раҳбари даволаш қийин бўлган ва ички аъзолар ишламай қолишига олиб келадиган оғир хасталикдан азият чекаётгани ҳақида хабар тарқалганди. Шу билан бирга, Германиянинг “Bild” нашри Чеченистон раҳбарининг буйраги хаста экани, Қодировни даволаш учун Грознийга абу-дабилик нефролог Ясин Иброҳим Шаҳат келганини ёзганди

Июль ойи бошида, Қодировнинг ғойиб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганидан бир неча кун ўтиб, Чеченистон етакчисининг Instagram'ида депутат Адам Делимхонов пайдо бўлган ва миш-мишларни рад этганди. Кеча, 15 сентябрь куни эса Россия Давлат Думаси собиқ депутати Геннадий Гудков Рамзан Қодировнинг буйрак трансплантацияси муваффақиятсиз якунланганини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамзан Қодиров Чеченистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг