Рамзан Қодиров “Ғалаба боғи”га борди (видео)
Жамият
−
27 Май
14908Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бугун, 27 май куни Тошкентдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва “Шон-шараф” музейига борди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.
“Делегация аъзолари билан биргаликда “Ғалаба боғи” экспозицияси билан батафсил танишдим. Албатта, ёдгорлик мажмуаси ўзбек халқининг урушдаги жасоратини муносиб тарзда абадийлаштирди”, дейди Қодиров.
Кейин Чеченистон раҳбари ташрифи шарафига ташкил этилган тантанали зиёфатда иштирок этди. Меҳмонлар учун ўзбек халқининг гўзаллиги ва бетакрор маданиятини акс эттирувчи ранг-баранг концерт дастури ташкил этилди. Унда Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокиров ҳам қатнашди.
“Фаррух Каримович менга Биринчи Президентимиз, Россия Қаҳрамони Аҳмад Хожи Қодировни шахсан билишини ва бундан жуда фахрланишини айтди. Фаррух Каримовичга азиз отамнинг яхши хотираси учун чин дилдан миннатдорчилик билдирдим ва уни Чеченистон Республикасига ташриф буюришга таклиф қилдим”, деб ёзади Чеченистон раҳбари.
Зиёфатдан сўнг Рамзан Қодиров таниқли ўзбекистонлик жангчи, UFC ўрта вазн тоифасида иштирок этаётган Нурсултон Рўзибоев билан ҳам учрашди.
Эслатиб ўтамиз, Рамзан Қодиров кеча, 26 май куни Ўзбекистон ва Россия Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин иштирокида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун Тошкентга келганди.
LiveБарчаси