Рамазонда мусулмон давлатларига борган сайёҳлар нималарни билиши керак?
Бу қизиқ
−
24 Март 2023
6055Сўнгги пайтларда одамларда мусулмон мамлакатларга саёҳат қилиш қизиқиши сезиларли даражада ошди. Туркия, Малайзия, Индонезия ... Хўш, бу каби мусулмон мамлакатларига айнан Рамазон ойида бормоқчи бўлган сайёҳлар нималар ҳақида билиши керак?
Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида кўплаб мусулмонлар яшайди. Шу боисдан, Рамазон ойида ушбу мамлакатларда аксарият ресторанлар ва бошқа овқатланиш жойлари кун давомида ёпилади ёки иш жадвалини ўзгартиради. Ушбу мамлакатларнинг марказларида спиртли ичимликларни топиш ҳам қийинроқ бўлади.
Шунингдек, Рамазон ойида баъзи сайёҳлик объектлари иш жадвалини ўзгартиради. Музейлар эрталабдан тушликкача ёки қуёш ботганда фаолият юритиши мумкин.
Ҳиндистон ва Малайзия каби мамлакатларда ҳам кўплаб мусулмонлар истиқомат қилади. Аммо у ерда аҳолининг кўпчилиги ҳиндуизм, буддизм, насронийлик динидагиларни ташкил қилади. У ерда исталган вақтда озиқ-овқат ва спиртли ичимликларни топиш мумкин. Сайёҳлик жойлари одатдаги жадвалга мувофиқ ишлайди.
Туркия ва Индонезия ҳам мусулмон давлатлар сирасига киради. Рамазон ойида Туркиянинг йирик шаҳарларида сайёҳлар бизнес одатдагидек ишлаётганини кўриши мумкин. У ерда ҳам озиқ-овқат ва спиртли ичимликларни топиш осон. Бироқ бу ҳолат мамлакатнинг жуда кичик, туристик бўлмаган шаҳарларида истисно қилади.
Индонезияда баъзи ресторанлар кун давомида ёпилиши мумкин. Мамлакатнинг Бали вилоятида аҳолининг аксарияти ҳиндулар бўлганлиги сабабли, Рамазон бу ерга деярли таъсир қилмайди.
Озиқ-овқат мавзусини давом эттириб, шуни таъкидлаш керакки, кўпгина мусулмон мамлакатларда Рамазон ойида кўчада ёки жамоат жойида овқатланиш тавсия этилмайди деган ёзилмаган қоида мавжуд. Кундузи ишлайдиган баъзи кафе ва ресторанлар рўзадорларни йўлдан оздирмаслик учун деразаларни зич пардалар билан ёпади. Сайёҳларга хизмат кўрсатадиган хос меҳмонхоналар эса одатда ўз ходимлари рўза тутса ҳам, хизмат кўрсатишни тўхтатмайди.
Рамазонда қуёш ботганда ташқарида сув ва енгил газак (хурмо каби) тарқатаётган кўнгиллиларни кўриш ажабланарли ҳолат эмас. Узоқ рўза кунига тайёргарлик кўриш учун кўплаб мусулмонлар бомдодга эрта туради. Шундан сўнг улар қуёш ботгунча ҳеч нарса емайди ва сув ичмайди.
Ифтор — Рамазон ойида кечки овқат. Баъзи мамлакатларда (масалан, Мисрда) ифторлик умумий равишда кўчада ўтказилади. Ифторлик кўпинча хайриявий бўлиб, ёзилган дастурхонга ҳар қандай инсон қўшилиши мумкин.
Мусулмонлар кечки овқатдан завқланаётганда, кўплаб дўконлар ёпилади. Бу сайёҳ билиши керак бўлган яна бир жиҳат. Айтганча, ифтор пайтида саёҳатчилар илгари жуда гавжум бўлган, аммо ўша пайтда бўшаб қолган жойларда юриш учун ноёб имкониятга эга бўлиши мумкин.
Рамазон тинчлик ва сукунат даври, шунинг учун омма олдида бақириш ва ғазабланишдан, айниқса қўпол сўзлар ёки имо-ишоралардан қочишга ҳаракат қилиш керак.
LiveБарчаси