Дунё бўйлаб 800 кун. Саёҳатда севгисини топганлар Ўзбекистонда

Интервью

Саёҳат. Мутахассислар бир давлатга саёҳат қилишни камида 10 та китоб ўқиш билан баробар деб ҳисоблайди. Тушкунликка, депрессияга тушиб қолган одамлар, ёлғизликдан қийналган, бир хилликдан зерикканлар учун дунё кезиш айни муддао.

Бугун Андижондан Қорақалпоғистонга қадар, Ўзбекистондан Маккаю Мадинага қадар хоҳ уловда бўлсин, хоҳ яёв йўлга чиққанлар ҳақида хабар тарқалгудек бўлса, бу қаҳрамонларнинг манзилларига етиб олгунларигача кечаётган ҳаёти ва воқеликлар ҳақида қизиқиш билдирамиз, баъзилар бу ноодатий қарорларга ҳавасланса, баъзилар техника даврида йўлни яқин қилувчи учоқлар бўлган бир вақтда пиёда ёки велосипедда йўлга чиқаётганларни маломат қилади. 

Минг йилликлардан бери саргузаштсевар саёҳатчилар учун анъанага айланган ушбу қадриятга амал қилаётган яна бир жуфтлик бор, улар айни дамда Тошкентда, Ўзбекистондан 5 минг километрдан узоқ масофада жойлашган Малайзиядан автомобилда йўлга чиққан эр-хотин Глория ва Фан Юҳу. 

Бугун QALAMPIR.UZ ушбу жаҳонгашта жуфтлик билан ҳам манфаатли, ҳам мароқли суҳбат уюштиришга қарор қилди.

Малайзиялик 35 ёшли Глория ва хитойлик 54 ёшли Фан Юҳу бир йилдан зиёд вақт олдин, аниқроғи 2023 йил 16 сентябрда Малайзиядан чиқиб кетишган ва ҳозиргача ўнлаб мамлакатларда бўлиб, Ўзбекистонга Қозоғистон орқали кириб, саёҳатини давом эттиришни режалаштиришмоқда. 

Улар ҳавони ифлосламасдан электромобиль орқали 800 кунда 100 мамлакатга боришни режалаштириб, Гиннеснинг рекордлар китобига киришни мақсад қилишган. Бу транспорт турини танлашлари бежиз эмас. Чунки ушбу эр-хотин бутун дунёга атроф-муҳитга зарар етказмасдан дунё бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлигини исботламоқчи.

Қайд этиш жоизки, ушбу саёҳат Фан Юҳуда биринчи маротаба эмас, у пандемиядан олдин қилган шунга ўхшаш саёҳатдан кейин ёзган китобини сотишдан тушган пуллар туфайли навбатдаги саёҳатини ҳам амалга оширмоқда.

Биринчи сафар Фан Юҳу бошқа йўналишда ҳаракат қилган ва ўшанда унга рафиқаси Глория ҳамроҳлик қилмаган. Чунки у пайтда қаҳрамонимиз бўйдоқ эди ва саёҳатининг асосий мақсадини ўзига умр йўлдош қидириш илинжида амалга оширган.

Хитойлик йигит ўзининг узоқ саёҳатини умр йўлдошини топишга бағишлаган, унга дўстлари Россиядан рафиқа топишни маслаҳат беришган, чунки у ерда хитойдагидек катта қалин пули тўлаш керак эмас. Екатеринбургда учратган қизи умуман саёҳат қилишни истамаган, АҚШдан бўлган яна бир эҳтимолий рафиқа эса ундан ўша ерда қолишни, ишга жойлашишни, фарзандли бўлишни ва барқарор ҳаётга ўтишни талаб қилган.

Севимли Глориясини эса у Малайзияда учратган: қиз саёҳат қилишни орзу қилади ва жаҳонгашта сайёҳимиз Фан Юҳудан турмуш қуриш таклифини қабул қилади. 

“Глория нафақат севимли турмуш ўртоқ, балки саёҳатда яхши ҳамроҳ бўла олди”, дейди қаҳрамонимиз.

Тўйдан кейин улар биргаликда саёҳат қилишни бошладилар. Эр-хотин профессионал саёҳатчилар бўлиб, ижтимоий тармоқлар орқали саёҳатлари ҳақида ҳикоя қиладилар. Шундан бери улар биргаликда саёҳат қилишмоқда ва маданиятлар турли бўлишига қарамай, бир-бирлари билан яхши тил топишиб, табиатга дўстона муносабатда бўлиш, уни асраб-авайлаш ғоясини оммага киритиш бўйича бир хил қарашга эга. Чунки бу қарорга жиддий сабаб бор, Глориянинг айтишича, эрининг уч оила аъзоси ўпка саратонидан вафот этган.

“Эримнинг оиласида уч киши ўпка саратонидан вафот этди: бувиси, отаси ва укаси. Биз ортиқ инсонларнинг ифлос ҳаводан нафас олишини истамаймиз”, дейди у.

UNESCO олимлари ҳаво ёнилғида ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг чиқинди газлари билан ифлосланишини тасдиқлайди. Узоқ муддатли тадқиқотлар шуни кўрсатадики, улар ўпка саратони билан касалланишга ҳисса қўшади. Электр транспорт воситалари эса экологик тоза, чунки улар чиқинди газлари, ҳид ва тирнаш хусусиятига эга эмас, шунинг учун ўпка саратони, бронхиал ва бошқа нафас олиш касалликларига чалиниш хавфи камаяди.

Шундай қилиб, уларнинг саёҳати яна икки йил давом этади ва сўнгги манзил сифатида Канада танлаб олинган. Шимолий Америка сафаридан сўнг улар уйга, Малайзияга қайтади.


Мақола муаллифи

Теглар

саёҳат электромобиль жаҳонгашта Фан Юҳу

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made