Рақобат қўмитаси яна иккита корхонани жаримага тортди
3-саҳифа
−
14 Август
4283Рақобат қўмитаси “Orient Group Management” МЧЖ ҳамда “O‘zbek-O‘mon investitsiya kompaniyasi” МЧЖ ҚКга нисбатан иш қўзғатди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни 26-моддасига асосан иқтисодий концентрация ҳисобланган битим томонларининг бири активларининг баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган тушуми БҲМнинг 250 минг баравари миқдоридан ортиқ ёхуд уларнинг активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушуми БҲМнинг 500 минг баравари миқдоридан ортиқ бўлган шахслар ёки шахслар гуруҳи Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган масъулияти чекланган жамиятнинг улушларининг учдан бир қисмидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олганда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш белгиланган.
Шунга қарамасдан, “Orient Group Management” МЧЖ томонидан жорий йилнинг 16 май санасида “Highway Logistics Center” МЧЖнинг устав фондини кўпайтириш орқали унинг 45 фоиз улушига эгалик қила бошлагани маълум бўлган. Бунда монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олинмаганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан “Orient Group Management” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, “Рақобат тўғрисида”ги Қонунинг 26-моддаси талаблари бузилган деб топилган ҳамда молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинган.
Маълумот ўрнида, Махсус комиссиянинг ушбу қарори устидан “Orient Group Management” МЧЖ судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Бундан ташқари, “O‘zbek-O‘mon investitsiya kompaniyasi” МЧЖ ҚК томонидан жорий йилнинг 23 июль санасида монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги олинмасдан айнан яна “Highway Logistics Center” МЧЖнинг устав фондидан 45 фоиз улуш олинганлиги ҳолати аниқланган.
Натижада, ушбу ҳолатда ҳам Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан “O‘zbek-O‘mon investitsiya kompaniyasi” МЧЖ ҚКга нисбатан иш қўзғатилиб, “Рақобат тўғрисида”ги Қонунинг 26-моддаси талаблари бузилган деб топилган ҳамда молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси реклама қонунчилиги юзасидан барча давлат ва нодавлат телеканалларга кўрсатма хати юборганди.
LiveБарчаси