Раисийнинг ўлими Хоманаийнинг ўрнига унинг ўғли келиши эҳтимолини оширди – “Politico”
Олам
−
20 Май
12342Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг ўлими Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўрнига унинг ўғли Можтаб келиши эҳтимолини оширади. Бу ҳақда Американинг “Politico” нашри ёзмоқда.
Айнан Президент Раисий экспертлар томонидан Эрон олий раҳбари Оятуллоҳнинг бўлажак вориси, деб ҳисобланган. Бироқ яқинда у лаёқатсизлиги учун танқид қилинган ва бу унинг лавозимга кўтарилиш имкониятларини пасайтирган.
“Раисий Эрон инқилобий элитасининг ёшроқ версиясини ифодалайди – унчалик қобилиятли эмас, лекин анча ғайратли. Мана шундай одамларни Хоманаий бошқарувда кўришни истайди – Раисийнинг ўлими унинг ўрнига ўринбосар танлаш жараёнини торайтирди, Хоманаийнинг ўғли эса потенциал номзодлардан бири”, дейди Вашингтондаги Демократияни ҳимоя қилиш жамғармасининг катта илмий ходими Беҳнам Бен Талеблу.
Эрон раҳбари Президент эмас, балки олий раҳбар Оятуллоҳдир. У умрбод сайланади, мамлакатнинг умумий сиёсатини белгилайди, армияга, разведкага раҳбарлик қилади, муҳим вазифаларни бажаради, асосий қарорлар қабул қилади. Президент иккинчи энг муҳим мансабдор шахс, ижро ҳокимияти раҳбаридир.
Маълумот учун, кеча, 19 май куни Эрон Президентини олиб кетаётган вертолёт Эрон шимоли-ғарбий қисмида қийин қўнишни амалга оширди. Эрон делегацияси Озарбайжондан қайтаётган эди, у ерда Раисий Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашган. Умуман олганда, Президент кортежи учта вертолётдан иборат бўлиб, улардан иккитаси хавфсиз қўнган.
Қидирув операцияси 12 соатдан ортиқ давом этди. 20 май куни Эрон Қизил ярим ой жамияти вертолёт қулаган жойни топди. Раисий, мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳмати ва бошқа расмийлар вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлган. Ҳаммаси бўлиб, бортда камида саккиз киши, жумладан, икки учувчи ва бир техник ходим бўлган.
Вертолёт қулаган жойда қутқарув ишлари якунланди. Қурбонларнинг жасадлари Шарқий Озарбайжон вилоятининг маркази Табризга етказилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди. Раисийнинг дафн маросими эртага, 21 май куни Табриз шаҳрида бўлиб ўтиши билдирилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь