Қўштепа каналида авария бўлди...ми?
Таҳлил
−
16 Декабрь 2023
17416Бундан 3-4 кун олдин “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалицияси экспертлари Афғонистонда “Толибон” томонидан қурилаётган Қўштепа суғориш каналида биринчи жиддий "авария" юз берганини маълум қилди. Қайд этиш жоиз, бу хабар Марказий Осиё давлатларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам жиддий ҳавотир уйғотди. Хўш, шусиз ҳам Ўзбекистонга бир қанча зарар олиб келувчи ушбу каналда юз берган “авария” қай даражада ҳавотирли? Бугун шу ҳақда гаплашамиз. Ассалому алайкум.
“Чегара билмас дарёлар” экспертларига кўра, сунъий йўлдошдан олинган сўнгги суратлар сув сизиб чиққан ҳудуд муттасил ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
“Каналдан чиқиб кетаётган сувнинг кучи ва ҳажми тўққиз километр узунликдаги сув майдонини ҳосил қилиш учун етарли эди. Агар Ер орбитасидаги сунъий йўлдош оптикаси орқали қараса, бу улкан кўлмакда бошқа бир гигант — тиранозаврнинг контурлари борлиги рамзий маънога эга. Бундан ташқари, сунъий йўлдошдан олинган сўнгги суратлар сув сизиб чиққан ҳудуд муттасил ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу эса “Толибон”нинг вазиятни тўғрилаш қобилияти ёки истаги йўқлигини билдириши мумкин”, дейди “Чегара билмас дарёлар” коалициясининг Марказий Осиё бўйича координатори Александр Колотов.
Шундан сўнг, кўпчиликка номи нотаниш бўлган, бу мавзуда аввал лом-лим демаган Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбеккосмос” агентлиги бирданига пайдо бўлди ва бу ҳолатга ўз баёнотини берди.
Агентликка кўра, “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалицияси экспертларининг Қўштепа каналидан катта ҳажмда сув сизиб чиққани ҳақидаги хабари турли фазовий ўлчам аниқлигидаги мультиспектрал космик суратларнинг ретроспектив таҳлили асосида ўрганиб чиқилган. Агентлик канал қурилиши динамикасини космик мониторинг орқали мунтазам кузатиб, қазиш ишлари олиб борилаётган ҳудудда ўтган йилнинг май ойидан бошлаб ерости сизот сувларининг кўтарилганини аниқлаган.
"Қурилиш давомида каналнинг тўртта қисмида сунъий тўсиқлар қолдирилган бўлиб, улар биринчи босқич ишлари якунида, 2023 йил 10 октябрда тўлиқ олиб ташланган ва сув оқими ҳосил бўлган. Космик мониторинг натижасида 2023 йил 4 ноябрь куни Қўштепа каналининг 75,6-километрида ўнг қирғоқнинг 30 метрга яқин қисмидан сув сизиб чиқиши аниқланган. 5 ноябрь куни сув тарқалган ҳудуднинг майдони 19,5 км кв, 25 ноябрда – 23,8 км кв, 13 декабрь ҳолатига эса 30,3 км кв ни ташкил этиб, сувни тўхтатиш чоралари кўрилмаган", дейилади “Ўзбеккосмос”нинг таҳлилида.
Экспертлар фикрича, ушбу ҳолат канал деворлари Амударёдан келаётган сув оқимининг босимига бардош бера олмагани натижасида юзага келган. Ўз навбатида, канал қурилишига масъул афғон муҳандислари ерости сизот сувларининг меъёрини назорат қилиш мақсадида каналнинг 75,6-километрида сув мақсадли равишда очиқ ҳудудга йўналтирилганини таъкидламоқда.
Қўштепа канали қурилиши динамикасининг космик мониторинги иншоотнинг Амударёдан сув олиш қисмида қазиш ишлари якунланмагани, дарёга уланиш жойида ҳозирда 20 м га яқин қазилмаган ҳудуднинг мавжудлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, ўта юқори аниқликдаги космик суратларнинг таҳлили натижасида сизот сувларини ташқарига йўналтириш учун канал қирғоғида мақсадли равишда қазиш ишлари олиб борилганининг (махсус техниканинг ишлатилиши, қазиб олинган тупроқ ҳажмининг пайдо бўлиши ва ҳоказолар) визуал белгилари аниқланмаган.
Бундан ташқари, мавжуд материаллар сув сизиб чиқиш жойи атрофида ҳозирда сизот сувлари камайиб, канал туби аста-секин қуриб бораётганини кўрсатмоқда.
“Ўзбеккосмос”нинг иддао қилишича, “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалицияси экспертларининг Қўштепа канали қирғоғи Амударёдан олинаётган сув оқими натижасида ювиб кетилгани тўғрисидаги маълумотлари ҳақиқатга мос келмайди, сизиб чиққан сув сизот сувлари эканлигини тасдиқлайди.
Хўп, “Ўзбеккосмос”нинг ушбу баёнотига ишонайлик ҳам дейлик, аммо ибтидоий усулда қурилаётгани айтилаётган мазкур каналнинг қурилиши хавфсиз тугалланишига кафолат бериладими? Бу саволларга аниқ жавоб йўқ афсуски.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 11 октябрь куни “Толибон” Афғонистондаги Қўштепа каналининг биринчи қисми қуриб битказилгани ва лойиҳанинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилди. Айни пайтда каналнинг учдан бир қисми қуриб битказилди, бу қурилиш ишлари режадагидан анча олдинда бораётганини англатади.
Иккинчи босқичда каналнинг 177 км узунликдаги қисмини қуриш режалаштирилган. Учинчи босқич қишлоқ хўжалиги ерлари бўйлаб субканалларни тақсимлашни ўз ичига олади. Канал қурилиши Афғонистон давлат компаниясига юкланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 684 миллион долларни ташкил этади. Компания вакилларининг айтишича, бу лойиҳа хорижлик мутахассислар ёрдамисиз амалга оширилмоқда.
Аммо қайд этиш жоизки, “Толибон”нинг ушбу мегалойиҳаси Марказий Осиё давлатларида хавотир уйғотмоқда. Ўзбекистон томони музокаралар учун Афғонистонга Қўштепа канали орқали делегация юборишини аллақачон маълум қилган эди.
“Айни пайтда, Тошкент ва Ашхобод учун Қўштепа канали масаласи муҳим аҳамиятга эга. Амударё сувлари ҳар икки давлат учун жуда муҳим, чунки Амударё барча мавжуд сув ресурсларининг қарийб 80 фоизини ташкил қилади”, дея қайд этган сиёсатшунос Парвиз Муллажонов.
Турли ҳисоб-китобларга кўра, қурилиш тугалланганидан сўнг канал Амударё оқимининг чоракдан учдан бир қисмигача олиб кетиши кутилмоқда, бу эса Ўзбекистон ва Туркманистоннинг бир қатор вилоятларида дала сувининг жиддий танқислигига олиб келиши мумкин.
“Муаммо шундаки, “Толибон” канални ўта ибтидоий усулда қурмоқда. Мутахассислар каналнинг туби ва қирғоқлари мустаҳкамланмагани, шу сабабли сувнинг кўп қисми қуруқ, қумлоқ тупроққа оқиб ўтиб кетиши муқаррарлигидан хавотирда. Шунга кўра, бундай шароитда Амударёдан ҳақиқий сув олиш режалаштирилганидан анча юқори бўлиши мумкин”, дейди Муллажонов.
Бундан ташқари, туби гилли каналларда сувнинг йўқотилиши шўрланиш ва ботқоқланишга олиб келади, бу эса дарёдан сув олишни янада кўпайтиришни талаб қилади.
Муллажоновга кўра, экспертлар Афғонистон Марказий Осиё давлатларининг Давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув комиссиясига қўшилмоқчи эмаслиги, унинг доирасида минтақа давлатлари Амударё ва Сирдарёдан сув олиш квоталари белгиланишидан хавотирда.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Қўштепа канали қурилиши юзасидан ўз хавотирларини билдирган эди. Президент унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сув балансини тубдан ўзгартириши мумкинлигини айтган эди. “Толибон”нинг энергетика ва сув вазири вазифасини бажарувчи Абдул Латиф Мансур эса қўшни давлатлар билан Амударё сувидан фойдаланиш муаммосини муҳокама қилишга тайёрлигини, бироқ Афғонистоннинг ҳеч ким билан сув бўйича шартномаси йўқлигини билдирган.
Дарвоқе Афғонистон трансчегаравий дарёлар ва кўлларни бошқариш учун асос бўлиб хизмат қилувчи Трансчегаравий сувларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги 1992 йилги конвенциянинг иштирокчиси эмас. Афғонистоннинг ушбу конвенцияга қўшилмагани, минтақада сувдан фойдаланиш жараёнларини тартибга солувчи барқарор ҳуқуқий механизмларнинг йўқлиги Марказий Осиёда вазиятни мураккаблаштирмоқда.
Воқеалар ривожини биз билан кузатинг, QALAMPIR.UZ да қолинг.
LiveБарчаси