QАLAMPIR.UZ мухбири бошбошдоқлик ва бюрократия сабаб Тошкент-Минск рейсидан қолиб кетди
Таҳлил
−
12 Октябрь 2019
8028Болалагимда “Ўзбекфильм”да ишланган “Еттинчи жин” деган фильмни қайта-қайта кўрардим. Ўша фильмда бош қаҳрамон кулол Набининг уйига солиқдан қарзи борлигини рўкач қилиб келган ўлпончилар унинг бор-будини шилиб кетгани етмагандек, дўқ-пўписалар қилиб, кулолни таҳқирлайди.
Ҳа, энди қадимда шундай золимлар бўлганда. Яхшиям-ки, ўша замонда яшамаётган эканмиз, деб қўяман. Бироқ кўча-куйда, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган Мажбурий ижро бюросининг айрим ходимлари “Еттинчи жин”даги ўлпончилардан ҳам ўзиб кетишга қодир эканини намоён қилиб турса нима дейсиз? Бу сафар улар кимнидир талагани йўқ, шунчаки, бепарволиклари сабаб миллионлаб қилинган харажату халқаро даражадаги ҳурматни бир пул қилинишига замин яратмадимикан? Қуйида QАLAMPIR.UZходими билан содир бўлган воқеани ҳукмингизга ҳавола қилишни жоиз топдик.
Хайр, Тошкент! Салом, Тошкент!
Таҳририятимизга шу йилнинг август ойида “РосАтом” давлат корпорациясининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси(Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда жойлашган) ҳамда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги томонидан Беларусь Республикасида жорий йилнинг 7-10 октябрь кунлари ўтказилиши мўлжалланган пресс-тур бўйича мурожаат келибтушди. Пресс-турда мухбир Акбаржон Абдураимов иштирок этиши маълум қилинди.Халқаро ва маҳаллий ташкилотларга барча маълумотлар тақдим этилди. Орадан 1,5 ой вақт ўтди.
Шу йилнинг 7 октябрь куни соат 08:30 да HY-709 рейси билан Тошкентдан Минскка учадиган самолётга олинган чиптани қўлга олиб, таомилга кўра, Акбаржон Абдураимов Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортига соат 06:00 да етиб келади.
“Узун навбатдан сўнг, яшил ва қизил чизиқли йўлаклардан, тешириш мослаламаларидан ўтиб, кичкина дарчага паспортимни узатдим. Бир зум компьютерга тикилгач, менга ҳам яхшилаб қараб олган чегарачи: “Сиз, ака буёққа ўтиб туринг, керак пайти ўзимиз чақирамиз”, деди ва мени одамлардан холига жойга бошлаб борди.
Сиз “запретда”сиз, сизга йўл йўқ.
Бу ерда мендан ташқари ёши катта бир киши бор эди. Унинг айтишича, одамларга тақиқ қўйилганми-йўқми, шуни аниқлаш учун ушлаб туришаркан. Чамаси 15-20 дақиқалардан сўнг, ўзини ДХХ Чегара қўшинлари хизмати ходими деб таништирган шахс “Сиз запретдасиз, сизга йўл йўқ”, деди. Мен ундан қандай қилиб “запрет”га тушганим ҳақида сўрадим. “Ҳозир шошмай туринг”, деган жавобни берди ва яна 15 дақиқа ўтгандан сўнг “Сизни Навоий вилояти суд ижрочилари тақиққа қўйган, шунинг учун хорижга кетолмайсиз”, деди. Бу пайтда соат 07:45 эди. Минскка учадиган самолёт эса соат 08:30 осмонга кўтарилади.
Алимент ва расмий хат керак
Мен Навоий вилоятида туғилган бўлсам-да, 12 йилдан бери пойтахтда яшайман. 2016 йилда расман турмуш ўртоғим билан ажрашганман. Ўртада бир нафар фарзандим бор. Улар ҳам Тошкентда яшайди. Фарзандимнинг моддий таъминоти учун алимент тўлаб, у билан суднинг қарорига биноан кўришиб тураман. Бироқ шу йилнинг январида собиқ турмуш ўртоғим алимент олишни тўхтишини айтиб, банкдаги ҳисоб рақами ва пластик карточкасини ёптирди. Алиментни йиғиб берасиз, деди у. Мен алиментни ўтган 8 ой давомида почта орқали юбориб турдим. Август ойида почтадагилар бу пулларни собиқ хотиним олиб кетмаганини ва пулларни қайтиб олишим кераклигини айтди. Вазиятдан Хатирчи тумани МИБ ижрочиси Аброр Сайфиев хабардор эди. Пулларни олиб, банкдан алоҳида ҳисоб рақами очдирдим. Пул керак деган вақти ўша ердан олади, дедим-да. Илгари эшитганман, алиментдан қарздорлиги бор одамларни чегарадан ўтказишмайди деб, шунинг учун ҳар эҳтимолга қарши қарзим бўлмаса-да, Мажбурий ижро бюросининг расмий сайтига кириб, у ердан тақиққа тушмаганимни билиб олгандим. Буни тушунтирсам-да, чегарачи: “Тўғри тушунинг, сизни 3 кунлик пресс-турга қўйиб юборсак, бизни қамаб қўйишади. Яхшиси бошлиғимизнинг олдига тушинг”, деди ва менга бошлиғи ўтирадиган жойни тушунтирди. Аэропортнинг биринчи қаватидаги махсус кодланган эшик очилгач, ўзини чегара-божхона хизмати раҳбари деб таништирган шахс муддаомни билгач, мени пресс-турга қўйиб юбормаслигини, бунинг учун МИБчилар расмий хат бериши кераклигини айтди. Чора топишнинг бирдан-бир йўли сифатида “ишонч телефони”га қўнғироқ қилишимни айтади. Чегарачининг айтганини қилдим. Бироқ, “ишонч телефони”дагилар ҳам “Биз давлат хавфсизлик хизматиданмиз, агар сизнинг қарздорлигингиз бўлмаса, буни ёзма равишда Навоий вилоятидан тасдиқлатиб келганингиздан сўнг рухсат берамиз”, деди. Ахир ярим соатда учиб кетишим керак, менга тақиқ қўйилиши мумкин эмас, буни расмий сайтдан текширганман деганимда, улар “бизда ўзимизнинг ички тизим бор, ҳеч қанақа расмий сайтга ишонманг”, дейишди.
“Запретчи” ўзи қўйган “запрет”ни инкор қилди
Чегарачилар қарздорлигим йўқлиги тўғрисида расмий хат талаб қилишгач, тахминан соат 07:45 да Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Навоий вилояти Хатирчи тумани Мажбурий ижро бюросининг алиментлар бўйича давлат ижрочисига қўнғироқ қилдим. Ижрочи: “Сизни тақиққа қўймаганмиз, бундай бўлиши мумкин эмас, ҳозир Зарафшондаман, борсам кейин гаплашамиз”, деди. Унга яқин 15 дақиқа ичида учиб кетишим кераклигини айтдим. МИБ ижрочиси чегарачиларининг “ишонч телефони”га қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирди. Лекин чегарачилар фақат расмий хатни талаб қилишди”, дейди Абдураимов.
Самолёт ҳавога кўтарилди. Журналист ортга қайтди. Энди у ўзи билан кетолмай қолган юкини олиши керак. Бироқ нафақат хорижликлар, шу билан бирга, Ўзбекистон фуқаролари ҳам нолийдиган “Тошкент” халқаро аэропортидан юкни қайтариб олиш ҳам анча асаб бузилишига олиб келаркан. Кассада ўтирган кекса ёшдаги аёлга кетолмаслик сабабини айтган журналист, “кейинги рейс билан учсам бўладими, билет бориш-қайтишга олинган эди”, дея мурожаат қиладию балога қолади. Кекса ходима мухбирга шундай удағайлаб беради-ки, гўё аэропорт касса ходимасининг отасиникию мухбир буни билмайди.
Боз устига, ишхонасидагиларга нима дейди, улар бунга ишонадими, ахир шунча тайёргарлик, халқаро ва давлат ташкилотининг миллионлар сарф қилинган харажати-чи? Хўш, нима учун МИБ фуқарони бир оғиз огоҳлантирмасдан, тақиққа қўйди? Буни билдириш қийинмиди? МИБнинг расмий сайти қарздорлик бўлмаганини кўрсатса-да, аэропортда хизмат фаолиятини олиб бораётган чегарачининг ички тизими бунинг аксини кўрсатяпти. Хўш, бундай маълумот ички тизимга қандай тушиб қолган? Агар расмий сайтдаги маълумотлар нотўғри ва у аэропортдаги ички тизимга мос келмаса, унда бу сайтни яритишдан мақсад нима? Одамларни алдаш, сарсон қилишми? Хўш, одамларга маълумот берадиган расмий сайт ёлғончими ёки ДХХнинг ички тизими? Саволлар бисёр жавоб эса...
Журналист нима дейди?
“Аэропортдан қайтгач, Навоий вилояти Хатирчи тумани МИБдагилар билан боғландим. Улар тез орада билиб берамиз дейишди. Тез билиб беришига ҳам 3 кун кетди. Ўзини давлат ижрочиси деб таништирган Хатирчи тумани МИБ ходими Сардор Қудратов 7 октябрда Тошкент халқаро аэропортидаги “запрет”имнинг сабабини 10 октябрь куни айтди. Менга шу йилнинг 1 апрелида тақиқ қўйилган экан. Таассуфки, бу ҳақда 7 октябрь куни билдим. Мени ўйлантирадигани шуки, Давлат раҳбари қоғозбозликларга чек қўйиш, одамларни сарсон қилишни тўхтатиш, замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш тўғрисида кўрсатмалар беряпти, қарорлар имзолаяпти. Лекин, ҳануз бизда қоғоз гапиряпти, “ички тизимлар” ва расмий сайтдаги маълумотлар бир-бирига зид келяпти.
“Ўрмонга ўт кетса ҳўлу-қуруқ баробар ëнади”, дейишади. Бироқ биз ўрмон ёки ундаги шох-шаббаю ўт-ўлан эмасмизки, ўзимиз хабаримиз бўлмасдан “запрет”га тушсак. Тағин булар, давлатнинг иншонган одами эмиш”, дея сўзларини якунлайди Абдураимов.
Аччиқ бўлса-да ҳақиқат
МИБчилар бир нақлни эсидан чиқармаслиги шарт. “Беш бармоқ баравар эмас”. Чунки, ўз фарзандининг ижтимоий таъминотидан қочиш учун ҳамма ҳам хорижга кетмайди. Давлатнинг ишонган одами бўлган ижрочилар ҳар қандай ҳолатда ҳам тақиқ ҳақида унинг эгасини огоҳлантириши шарт. Ахир қарздор бўлиб қолсангиз, ҳай-ҳайлашингизга ҳам қарамай бор-будингизни мусодара қиладиганлар ҳам шуларнинг ўзи-ку.
Гапнинг индаллоси, МИБнинг ёки бошқаларнинг айби билан хорижга чиқишдан мосуво бўлаётганлар озмунча дейсизми... Бу биргина пойтахт Тошкентда мамлакатнинг бош ҳаво дарвозасида кузатилаётган ҳолат. Бошқа ҳудудларда-чи? Яна бир жиҳатга эътибор қаратишингизни сўраймиз. Журналист Акбаржон Абдураимов учадиган самолёт соат 8:30 да ҳавога кўтарилишини ҳисобга олсак, ундан хат сўраган чегарачиларга расмий жавоб берувчилар яъни МИБ соат 09:00 да иш бошлайди. Бунинг устига хатнинг Навоийдан камида 6-7 соатда етиб келади. Сизнингча, бу ерда мантиқсизлик келиб чиқмаяптими? Абдураимов-ку бошқалардан фарқли ўлароқ МИБ ходимининг шахси телефони рақамини билган ва у билан боғлана олган. Хўш, бошқалар-чи? Тарвузи қўлтиғидан тушиб, пуллари ҳавога учиб ортига қайтадими? Бунинг бадалини ким тўлайди?
Ўтган асрда парчаланиб кетган дунёнинг энг йирик мамлакати ҳам бюрократияга асосланган эди. Ҳозир замонавий технологиялар ривожланган бир пайтда биз расмий хат сўрашни, алоҳида ахборот тизимлари ва расмий маълумот берувчиларни бир-бирини инкор қилишига айлантириб қўйдик.
Биз ўрмонларга бой мамлакатда яшаётганимиз йўқ, қоғоз четдан валюта ҳисобига кириб келяпти. Шунинг учун, “расмий хат”ни сўрашнинг ўрнига одамлар сонияларда ишини битказаётган глобал тармоқ билан ишлашни ривожлантирмас эканмиз, бундай кўнгилсизликлар содир бўлаверади. Ўртада одамларнинг давлат ва унинг ташкилотларига бўлган ишончи йўқолади.
Шуни унутмангки, биз қандайдир ёпиқ мамлакатда яшаётганимиз йўқ.
LiveБарчаси