QALAMPIR.UZ эффекти: Депутат Бош прокуратура терговидаги қийноқларни “фашистик азоб” деб атади
Жамият
−
26 Февраль 2020
18529Жорий йилнинг 22 февраль куни QALAMPIR.UZ сайтида “Махсус филм: Бош прокуратурадаги дахшатли қийноқлар (18+)” номли мақола ва фильм эълон қилинганди. Унда “Бекобод металлургия иши” бўйича Бош прокуратура терговчилари томонидан терговдаги шахсларга турли даражада жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказилгани айтилганди. Воқеа сўнгги кунларда жамоатчилик диққат марказида турибди.
Жорий йилнинг 25 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда депутатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – Омбудсманнинг 2019 йилдаги фаолияти ҳисоботини тингладилар. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Улуғбек Муҳаммадиевга QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган терговда қўлланилган қийноқлар масаласида ҳам бир қанча танқидий саволлар берилган.
Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад Бош прокуратура томонидан ўтказилган тазйиқларни қаттиқ танқид остига олди.
“22 феврал куни QALAMPIR.UZ’да жуда яхши кўрсатув чиқди. Айрим Бош прокуратура терговчилари, кечирасизлар-ку, фашистик азоб бериш усулларини қўллашар экан. Ҳозир сиз маърузангизда примитив қонун ҳақида сўз очдингиз. Мана шундай аниқ ҳолатларда Омбудсманнинг қудрати нимага етади? Президентимиз мана шундай очиқлик, ошкоралик сиёсатини олиб бораётган даврда инсон тафаккури бундай қийноқларга чидай олмайди. Улуғбекжон, нима қиламиз? Бу савол очиқ қолиб кетмаслиги керак”, дея Хуршид Дўстмуҳаммад Омбудсманга савол билан юзланган.
Депутат Расул Кушербоев “Бекобод иши” бўйича терговчилар томонидан ўтказилган қийноқлар кўпчиликни хавотирга солганини айтиб, тергов ҳибсхоналарида жабрланган шахсларнинг манфаати юзасидан Омбудсман тегишли идораларга қанча тақдимномалар киритгани, Омбусман институтинининг ваколатларини кенгайтириш учун вакилда таклифлар бор-йўқлигини сўради.
“Бизда “Бекобод иши” билан боғлиқ ҳолатлар хавотир уйғотмоқда. Лекин Омбудсман институтида мана шундай ариза-шикоятларни ўрганиб чиқиш, фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, керак бўлса, мансабдорлар масаласини кўтариш бўйича ваколатлар мавжуд. Яна Омбудсманда қонунбузилиши ҳолатларида тегишли тақдимнома киритиш ҳуқуқи ҳам бор. Ўтган даврда терговдаги шахсларга қийноқлар қўлланилгани ҳақида нечта тақдимномалар киритилган? Буларнинг қанчаси ўз тасдиғини топган? Ёки Омбудсманга ушбу инструментлардан фойдаланиш учун қўшимча ваколатлар керакми? Қачон фуқаролар ўз ҳуқуқлари мансабдорлар томонидан бузилаётганда “устингиздан Омбудсманга мурожаат қиламан” деса улар бу катта институт эканини ҳис қиладиган давр етиб келади?”, дея Кушербоев Омбудсманни саволга тутган.
Депутат Сафар Остонов эса тергов жараёнларида иш ҳужжатларига сохта ҳужжатлар қўшилаётгани, жисмоний таъсир қилиш ҳолатлари бўлаётгани, ҳибсга олинган шахсларнинг олдига адвокатлари кира олмаётгани, уларнинг яқинларига ҳибсга олингани ҳақида вақтида хабар берилмаётгани, Омбудсман юборган сўровларга ҳокимлар жавоб бермаётганини танқид қилди.
“Шунча мурожаат қилибсизлар. Қаерларга мурожаат қилдинглар ва уларнинг натижаси нима бўлди? Мурожаатлар эътиборга олиндими ёки йўқ?”, дея Сафар Остонов Улуғбек Муҳаммадиевга саволлар берган.
Юқоридаги ҳолатларга Улуғбек Муҳаммадиев қуйидагича жавоб қайтарган.
“Олдинги ҳисоботларимизда мана шундай аниқ қийноқлар масаласи кўтарилмаганди. Қонунчилик бўйича жойларга чиқиб мониторинг қилишда ваколатлар берилди. Бу бўйича фаолиятимизни энди бошладик. Ҳали жуда яхши ишлаяпмиз деб айтолмаймиз”, дея Омбудсман фаолиятидан қониқмаётганини айтди.
У шунингдек, йил давомида оддий фуқаролар ва жазони ижро этиш муассасаларидаги шахсларнинг мурожаатини таҳлил қилиб бориши, ҳар бирининг назорати бўйича Бош прокуратурага чиқиши, депутатлар айтган муаммолар бўйича 138та мурожаатлар Бош прокуратурага киритилганини айтиб, жиноят иши қўзғатишни рад этиш бўйича 4 та қарор бекор қилингани ва иш қўшимча терговга юборилганини маълум қилди.
Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Муҳаммадиевдан “Бекобод иши” масаласида унга аввал мурожаат бўлган-бўлмаганини сўради. Омбудсман эса ўтган йили “ЎЗМЕТКОМБИНАТ” АЖнинг бир ходими унга мурожаат қилгани ва унинг мурожаати тегишли тартибда назоратга олиниб, Бош прокуратурага чиқарилганини айтди.
“Бизга ҳамма ташкилотлар жавоб хати беради. Аммо сиз айтган масала ўз тасдиғини топмади деб жавоб қайтаришади”, дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Улуғбек Муҳаммадиев.
Нурдинжон Исмоилов Бош прокуратура томонидан текширув ўтказилаётгани ҳақида фикр билдириб, бу бўйича Омбудсманнинг ҳам хулосаларини кутишини айтган.
“Мақолани ўқиса, ҳар қандай одамга таъсир қиладиган даражада тайёрланган. Бош прокуратура бу бўйича алоҳида текширув олиб бормоқда. Сизлар бу масала нима билан якун топгани ҳақида бизга хабар беришингизни кутардик”, дейди Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов.
Эслатиб ўтамиз, махсус фильм ва мақолади Бош прокуратура томонидан 2017 йилда “Бекобод металлургия комбинати” (Ўзметкомбинат) АЖга оид жиноят иши тергови жиноят-процессуал қонунчилигига зид равишда ўтказилганлиги, терговда иштирок этганлар асоссиз қамоққа олиниб, уларга ва яқинларига Бош прокуратура терговчилари томонидан жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказилиб, қийноққа солингани ёритилган.
Шу билан бирга, тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклагани, бошларига “целлофан” пакет кийдиргани, совуқ хоналарда ечинтиргани, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказгани маълум қилинганди. Ҳозирда бу иш бўйича Бош прокуратура текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Ҳозирга қадар партиялардан биргина Адолат социал-демократик партияси ўз муносабатини билдирди. Унда партия алоҳида Тергов органи тузиш талаби билан чиқди. Бироқ сайлов жараёнларида қоплаб ваъдалар берган бошқа партиялар ҳамон сукут сақламоқда.
LiveБарчаси