Путиннинг Украина ҳақидаги баёнотлари галлюцинацияга ўхшайди – ISW
Олам
−
16:31 312 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путиннинг сентябрь ойида мамлакат қўшинларининг Украинада кенг миқёсда олдинга силжигани ҳақидаги баёнотлари фронтдаги реал вазиятдан шунчалик фарқ қиладики, улар “галлюцинацияни эслатмоқда”. Бу ҳақда Урушни ўрганиш институти (ISW) ёзмоқда.
Институт маълумотларига кўра, Путин томонидан таъкидланган 1301 квадрат километр майдонни эгаллаш ўрнига, Россия қўшинлари бир оралиқда 80,81 квадрат километрлик соф ҳудудий йўқотишларга учраган.
Путин жорий йилнинг 1 октябрь куни “Валдай” мунозара клуби йиғилишида сентябрь ойида Россия армияси Украина ҳудудининг 1301 квадрат километри устидан назорат ўрнатганини маълум қилиб, бу “ўтган ойлардагига қараганда 2,5 баравар кўп” эканини таъкидлаган. ISW фронт чизиғидаги вазият таҳлили асосида бунга қарама-қарши хулосага келган. Агар Россия ҳарбийларининг ўзлари назорат остига ола олмаган ҳудудларга ёриб кириш ҳолатлари ҳисобга олинса, Россиянинг сентябрь ойидаги соф ҳудудий йўқотишлари янада кўпроқ – 175,18 квадрат километрни ташкил этади.
ISW’нинг ҳисоблашича, Путиннинг баёнотлари жанг майдонида содир бўлаётган ҳодисаларнинг сохта манзарасини яратади ва Кремлнинг вазиятни ўзи учун манфаатли ракурсда кўрсатишга қаратилган ҳаракатларига мос келади. Институт буни когнитив урушнинг бир қисми деб атайди.
Шу билан бирга, ISW Путин ўзи томонидан янграган рақамларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини билиши ёки билмаслигини қатъий таъкидламайди. Институт баҳосига кўра, Путинга Россия ҳарбий қўмондонлиги томонидан бeрилган маълумотлар бузиб кўрсатилган бўлиши мумкин. Бу эса Россия ҳарбий тузилмасида муваффақиятсизликларни яшириш ва раҳбариятга маъқул ахборотни тақдим этиш маданиятининг чуқур илдиз отгани билан боғлиқ.
Қўшинларнинг олдинга силжишини баҳолашдан ташқари, Путин Россия Донецк вилоятининг бутун ҳудудини Европа ва Украина кутганидан анча эртароқ эгаллашга қодирлигини айтган ва Киевга Донбассдан воз кечиш мақсадга мувофиқлигига шама қилган. Ваҳоланки, Россия 4,5 йиллик кенг миқёсли уруш давомида ушбу ҳудудни тўлиқ оккупация қила олгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путин Украинадаги урушни тугатиш бўйича барча таклифлар ҳали ҳам муҳокама учун очиқ эканини, бироқ Москва ўз манфаатларини ҳисобга олиши кераклигини билдирганди.
Live
Барчаси