Путиннинг 30 йиллик сири – Midweek

Таҳлил

Дональд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги учрашув яқин. Бунинг ортидан эса Зеленский ва Путиннинг юзма-юз келиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Марказий Осиё мамлакатларида тўйиб овқатланиш дунёнинг бошқа нуқталарига қараганда анча яхшироқ кўрсаткичга эгалиги маълум бўлди. Аммо минтақага қўшни бўлган Афғонистонда бу борадаги аҳвол аянчли.

Афғонистонлик тижоратчилар эса фаолият нуқтаси сифатида ёппасига Ўзбекистонни танлашмоқда. Ярим йил ичида 200 миндан ортиқ афғонистонлик тижорат мақсадида Ўзбекистонни танлаган.

Хитой янги вирус тарқалди. Бу эса унга яқин бўлган Ўзбекистон учун хавфлими?

Путинннг 31 йиллик сири ошкор бўлди. У президент бўлмасидан анча олдин, нафақат Украина шарқи ва Қрим, балки Қозоғистон шимолини ҳам Россия ерлари деб ҳисоблаган.

Ҳафта ўртасига қадар жаҳонда юз берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ’нинг Мidweek дастурида танишинг.

Урушнинг охири кўринмоқдами?

Россиянинг Украинага босқини ҳамда АҚШ–Россия муносабатлари катта бурилиш ёқасида турибди. Трампнинг ультиматумларига Путин черковдан туриб ноодатий тарзда жавоб йўллаганди. Аммо Telegram юлдузи Дмитрий Медведев барчасини барбод қилишига оз қолди. Унинг Трампга йўллаган ҳақоратомуз жавобидан сўнг, АҚШнинг иккита сувости ядро кемаси бир зумда Россия яқинида пайдо бўлгани айтилди. Аммо Ваалам черковида Путин Трампга “шовқин солмаслик ва муаммони ёпиқ эшиклар ортида тинчгина ҳал қилиш мумкинлиги” ҳақида сигнал юборди. Шундан сўнг Трамп Россия Президентига босқинни тўхтатиш учун берган 10 кунлик муҳлати тугаш арафасида томонлар бир-бири билан очиқчасига гаплашиб олишни лозим топди. АҚШ раҳбари ташқи дунё билан алоқада давлат котиби Марко Рубиодан ҳам оғирроқ вазнга эга бўлиб бораётган вакили Стив Уиткофни бу йил ҳисобига қатораси 5-маротаба Россияга юборди.

6 август куни Россия Президенти Владимир Путин АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф билан Кремлада учрашув ўтказди. Уиткоффни Москвага юборишидан олдин Трамп агарда у яхши натижа билан қайтмаса, санкциялар масаласида зудлик билан қарор қабул қилишини айтганди. 3 соат давом этган музокаралар якунлангач доимгидек, унинг бир учини Россия ташқи сиёсатида Лавровдан кам бўлмаган обрўга эга Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков чиқарди. Унга кўра, Владимир Путин Стивен Уиткофф билан учрашув чоғида Оқ уй раҳбарига Украинадаги можарони ҳал этиш бўйича бир нечта сигналлар юборган. Шунингдек, Ушаков Трамп томонидан ҳам мос сигналлар олинганини қўшимча қилади. Аммо бу ҳақда батафсил маълумот беришдан тийилди ва АҚШ томонининг қадамлари қандай бўлишини кутишга ишора қилди.

Оқ уйда Уиткоффдан учрашув тафсилотлари ва ундаги натижалар ҳақида хабар кутаётган Трамп ўзи айтган муддат етгач санкциялар бўйича қарор қабул қилиши керак эди. Аммо санкциялар масаласи бир четда қолиб кетди. Чунки хориж ОАВ Уиткофф Кремлни тарк этишидан кўп ўтмай, бирин кетин Оқ уйдаги манбаларига таяниб, Трамп ва Путин ўртасидаги эҳтимолий учрашув яқин орада ўтказилиши ҳақида хабар бера бошлади. Биринчилардан бўлиб NYT Оқ уйдаги манбасига таяниб икки расмий ўртадаги учрашув келаси ҳафта содир бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди. “Fox News” эса учрашув таклифи Путиндан чиққани, Уиткофф эса буни Трампга етказгач, АҚШ президенти агар бу Украинадаги урушни тўхтата олса келаси ҳафтаёқ учрашишга тайёрлигини билдиргани ҳақида хабар берди. Бу орада эса Зеленский ҳам ниҳоят Уиткоффнинг миссиясидан биринчи бор кўнгли тўлгандек тассурот қолдирди. У Суми вилоятидан қайтаётганда Трамп билан телефон орқали суҳбатлашганини маълум қилди. Шундан сўнг Украина президенти Россия энди урушга унчалик ҳам мойил эмас дея такидлаган. Зеленскийнинг бу гаплари Трамп билан телефон суҳбатидан кейин, яъни Уиткоф унга Кремлдаги 3 соатлик музокаралар ҳақида бази тафсилотларни етказганидан сўнг янгаради. Бу эса ўз-ўзидан 3,5 йиллик босқинда кескин бурилиш юз бериши мумкинлигини англатади. Демак тез орада дунё катта янгиликларга гувоҳ бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Ҳатто Оқ уй ҳам икки давлат етакчисининг келгуси ҳафтадаги эҳтимолий учрашувини инкор қилмади.

Энди санкциялар масаласига тўхталамиз. Трамп Путин билан тез орада учрашишга тайёрлигини айтганига қарамай, у Ҳиндистонга Россиядан нефтьсотиб олаётгани учун қўшимча 25 фоизлик бож жорий қилди.

АҚШ раҳбари олдинроқ агар Путин одамларни ўлдиришни тўхтатса, санкцияларга ҳожат қолмаслигини такидлаганди. Бу қарорни эса иккита важ билан изоҳлаш мумкин. Биринчидан Россия ҳали ҳам босқинни тўхтатгани йўқ. Иккиламчи санкцияларнинг асосий шарти ҳам шу эди. Иккинчи томондан эса мазкур 25 фоизлик бож 21 кундан кейингина кучга киради. Унгача эса Трамп санкциялар борасида ҳазиллашмаётганини исботлаш ва босимни иложи борича кучайтириш учун ушбу фармонга имзо чеккани айтилмоқда. Қайд этиш жоиз, янги қўшимча божлар туфайли Ҳиндистондан АҚШга олиб кириладиган товарларга жами бож ставкаси 50 фоизга етади. Ҳиндистон эса Россиядан саноат учун шу каби хомашё сотиб олаётган энг йирик харидорлардан бири ҳисобланади.

Трамп Путин ва Зеленскийнинг эҳтимолий учрашув сценарийсига тўхталадиган бўлсак,“Reuters”га кўра, ҳозирча АҚШ президенти ва Россия етакчиси ўртасидаги учрашув жойи аниқ эмас. Шунингдек, Трамп дастлаб Путин билан учрашиб, кейинчалик Зеленский билан кўришмоқчи. Ушбу музокараларда Европа етакчилари бўлмаслиги айтилмоқда.

Путин анча олдин “бузилган”

Россия етакчиси Владимир Путин 25 йиллик ҳукмронлик даврида икки давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузди. Грузия ва Украинада нималар содир бўлганига тўхталиб ўтириш шарт эмас. У Россия Президенти бўлган илк йилларда Украинага тажовуз қилмаслик ҳақида ёлғон ваъдалар берган бўлсада, 21 асрнинг энг йирик босқини бугун Россия томонидан айнан Украинага қарши амалга оширилмоқда. Украинага босқин давом этар экан, сўнгги йилларда рус пропагандаси Қозоғистоннинг Россияга туташ шимолий қисми устидан Остона назоратини шубҳа остига олиб келди. Бу базан расмий даражада, базан эса бошқарув пулти Кремлга тегишлилиги тахмин қилинадиган ахборот марказларидаги дебатларда баралла айтилди. Жорий ҳафтада эса “балиқ бошидан сасиши” яна бир бор ўз исботини топди. Путиннинг шахсан ўзи азалдан Қозоғистоннинг шимолий қисми Россияга тегишли эканини даво қилиб келгани ҳақидаги давлат сири оммага ошкор бўлди. Германия Ташқи ишлар вазирлиги Россия Президенти Владимир Путин 1994 йилда Путин Санкт-Петербург мерининг ўринбосари бўлган пайтдаёқ ҳудудий амбициялари чек-чегарасиз бўлганини кўрсатадиган ҳужжатни махфийликдан чиқарди.

Путиннинг 1994 йилдаги баёнотига қараганда, у нафақат Қрим ва Шарқий Украинани, балки Шимолий Қозоғистонни ҳам Россия ерлари деб билади. Яъни бундан 31 йил олдин Владимир Путин Германиянинг Санкт-Петербургдаги бош консулига Қрим, Украина шарқи ва Шимолий Қозоғистонни Россиянинг бир қисми, деб билишига шама қилган. Консулнинг эслатмаси Германия Ташқи ишлар вазирлигининг 1994 йилдаги ҳужжатларини ўз ичига олган “ГФР ташқи сиёсати ҳужжатлари” нинг янги жилдида нашр этилган. Ҳужжатга кўра, 1994 йил 14 январда Путин Германия бош консулига: “Қрим, Украинанинг шарқий қисми ва Қозоғистон шимоли – ҳеч бўлмаганда бу ҳудудлар Россия учун ҳеч қачон бегона бўлмаган, улар доимо Россия давлатининг бир қисми бўлиб келган ва ҳеч бир россияликка бу ҳозир бегона жой эканини тушунтириб бўлмайди”, деб айтган.  Бош консул ўз эслатмасида Путин “Украина ва Қозоғистондаги русларнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволи қониқарли бўлса, ҳеч қандай муаммо йўқ”, дея давом этганини ҳам қўшимча қилиб ўтган.  Маълумот учун, 1991 йилдан 1995 йилгача Германиянинг Санкт-Петербургдаги бош консули вазифасини дипломат Эберхард фон Путткамер бажарган бўлиб, бундан олти йил аввал у вафот этди. Владимир Путин 1994 йилнинг январь ойида Санкт-Петербург мерининг ўринбосари ва шаҳар ташқи алоқалар қўмитаси раҳбари бўлган. Путиннинг ўша пайтдаги бошлиғи, кейинчалик Путин уни устози ва дўсти деб атайдиган Анатолий Собчакка кўра, 1992 йилда СССР парчаланганидан сўнг унга асос солган республикалар Совет Иттифоқидан олдинги чегараларига қайтиши керак эди, “қолган ҳудудий ютуқлар эса муҳокама мавзуси” бўлган.

Собчак Қрим Украинаники бўлиб қолаётганини “бемаънилик” деб атаган ва Украинага ўз армиясини яратишга йўл қўймаслик кераклигини, акс ҳолда у “албатта бундан фойдаланишини” таъкидлаган. Путин устози Собчакнинг 2021 йилги “Руслар ва украинларнинг тарихий бирлиги тўғрисида” деб номланган сиёсий ҳужжатидаги позициясини келтириб ўтган. Шунингдек, у: “Қрим ҳамиша бизники бўлган ва Владимир Ленин тимсолида замонавий Украинани Россия, тўғрироғи, болшевиклар, коммунистик Россия яратган” деб таъкидлаган.

Бундан кўриниб турибдики, бугунги Владимир Путиннинг империалистик тафаккури кўп эҳтимолбилан ўша устози ва раҳбари Санкт-Петербургнинг собиқ мери Анатолий Собчак таъсирида шаклланган. Мазкур таъсир остида Путин ҳатто Қозоғистон ҳам олдин мавжуд бўлмаганини, уни мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев яратганини билдирган. Россия президенти 2014 йилда Назарбоевни ҳеч қачон давлат бўлмаган ҳудудда давлат қурди дея, уни ноёб иш қилганлигини таъкидлаб ўтган. Шахсий фикр ва позициядан аллақачон маҳрум бўлган дума депутатлари ичида ҳам шундай фикрни такрорлаганлар етарлича. Масалан, ўз вақтида давлат думаси депутати Вячеслав Никонов “Қозоғистон ҳудуди Россия ва Совет Иттифоқининг ажойиб совғаси” деганди. Тўқаев эса унга жавобан қозоқларга бу ерларни четдан бошқа биров совға қилмаганини айтган.

Марказий Осиё тўқ, аммо Афғонистон…

Дунёда тараққиёт деган тушунча ҳаддан зиёд турли тақсимотларга эга. Масалан Марказий Осиёда тўйиб овқатланиш даражаси сўнгги пайтларда анча яхшиланган бўлса, унга туташ Афғонистонда бу борадаги аҳвол жуда чинарли. Албатта, бу сиёсий тузум, ўтмишдаги кескин бурилишлар ва дунё ҳамжамиятининг, кучли сиёсий ўйинчиларнинг таъсири ҳамда босими ҳосиласи. Бугунги асосий мавзу бу эмас, балки Марказий Осиё сўнгги 20 йил ичида қандай қилиб озиқ-овқат билан боғлиқ муаммони енгиб ўтгани ҳақидадир. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоботига кўра, охирги 20 йил ичида Марказий Осиёда тўйиб овқатланмаслик даражаси 5 баробардан кўпроққа, яъни 2005 йилдаги 13,1 фоиздан 2024 йилда 2,8 фоизгача пасайган. Қайд этилишича, очликни камайтиришдаги энг юқори суръатлар 2019 йилгача кузатилган, бироқ бу прогресс COVID-19 пандемияси сабабли тўхтаган. Натижада эса 2020-2021 йилларда очликдан азият чекаётганлар сони 2,5 миллион кишига етган.

Шунга қарамай, озиқ-овқат хавфсизлиги сиёсати ва иқтисодий тикланиш туфайли минтақа яна ижобий динамикага эриша бошлаган ва дунёда кузатилган ўртача ижобий натижадан 3 карра яхшироқ кўрсаткични қайд этган. Чунки жаҳон миқёсида тўйиб овқатланмаслик даражаси 2005 йилда 12 фоиздан 2023 йилга келиб 8,2 фоизгача тушган. Аммо юқорида қайд этилганидек бу кўрсаткич Марказий Осиё бўйича 2024 йилда бор йўғи 2,8 фоиздир. Шунингдек, Марказий Осиёда соғлом овқатланиш учун кунлик ўртача харажат 2024 йилда бир киши учун 3,78 долларни ташкил қилган. Сўнгги олти йилдаги таҳлил бу қийматнинг аста-секин ошганини кўрсатади. Хусусан, 2019 йилда 3,10 доллар бўлган бу харажат 2023 йилда 3,81 долларга чиққан. Аммо 2024 йилда илк бор пасайиш қайд этилиб, 3,78 долларга тушган.  Аммо ушбу ижобий кўрсаткичлар билан параллел тарзда соғлом овқатланиш ҳанузгача минтақадаги 11,5 миллион аҳоли учун имконсизлигича қолмоқда. Шунга қарамай, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоботида бу кўрсаткич ҳам сўнгги йилларда анча ижобийлашгани қайд қилинган. Яни мазкур миқдор бундан 5 йил олдин, 2020 йилда 14,5 миллионни ташкил қилган ва бу ўз-ўзидан ушбу ўзгариш 4 йил ичида 3 миллионга қисқарганини англатади. Бундан ташқари, охирги 12 йил ичида минтақада болалар орасидаги доимий тўйиб овқатланмаслик шакллари ҳам сезиларли даражада камайган. 5 ёшгача бўлган болалар орасида ўсишдан қолиш ҳолатлари 2012 йилдаги 14,8 фоиздан 2024 йилда 7,4 фоизгача камайган. Бу эса болалар билан боғлиқ озиқ-овқат масаласи нақд икки карра яхшиланганини англатади. Тананинг озиб кетиши ёки ўткир овқат етишмовчилиги эса салкам 1.5 баробарга, 3,8 фоиздан 2,1 фоизгача тушган.

Энди Марказий Осиёнинг бир эмас уч давлати билан чегардош бўлган Афғонистондаги ҳолатга тўхталсак. БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури бу мамлакатда болаларнинг тўйиб овқатланмаслиги ҳозиргача қайд этилган энг юқори салбий нуқтага етганини маълум қилди. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат аҳолисининг тўртдан бир қисми, яъни 10 миллионга яқин киши озиқ-овқат таъминотисиз қолмоқда. Ҳар учинчи афғон боласи сурункали тўйиб овқатланмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қайд этишича, вазиятнинг ёмонлашуви сўнгги икки йилда инсонпарварлик ёрдами ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ. Бунинг сабаби эса молиявий ёрдамнинг сезиларли даражада пасайиши эди. Устига-устак жорий йилнинг апрель ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлган Афғонистонга озиқ-овқат етказиб беришни бутунлай тўхтатди.

Озиқ-овқат хавфсизлигининг ёмонлашувига сабаб бўлган яна бир қўшимча омил эса қўшни давлатлардан афғонларнинг оммавий равишда қайтишидир. Чунки у ерларда ноқонуний муҳожирлар деб топилган хорижликларнинг депортацияси кучайган. Масалан, Жаҳон озиқ-овқат дастури сўнгги икки ой ичида Эрондан қайтган 60 минг афғонистонликка ёрдам берган. Ташкилот сўзамоли Зиёвуддин Сафийга кўра, Эрондан қайтган барча муҳтож афғонларга ёрдам бериш учун 15 миллион доллар керак. Умуман олганда, дастур 2026 йилнинг январигача бутун мамлакат бўйлаб энг ночор оилаларни қўллаб-қувватлаш учун 539 миллион долларга муҳтож. Бундан ташқари, иқлим инқирози Афғонистондаги озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятни кескинлаштирмоқда. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш миллий агентлиги раҳбари Матиуллоҳ Холиснинг сўзларига кўра, қурғоқчилик, сув танқислиги, унумдор ерларнинг қисқариши ва сув тошқинлари ҳам аҳоли ҳаётига, ҳам мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Афғон тужжорлари Ўзбекистонга ёпирилмоқда

Афғонистон мавзусидан узоқлашмаймиз. “Толибон” ҳокимият тепасига келиб, мамлакатдаги қорадори савдоси ва унинг тарқалашига қарши кескин чоралар қўллангани ҳамда бу ташаббус ҳали ҳам давом этаётгани ҳақида жуда кўп гапирилади. Бу ҳақда қандайдир статистикаларда қора ажал етиштириш суръати пасайгани тўғрисида жимжимадор рақамлар ҳам қайд этилади. Аммо Афғонистоннинг қўшни давлатларга зарар бераётган наркотик востилари масаласи ҳанузгача мамлакат миқёсида назоратни тўлиқ қўлга олмаган деган хулосага етакламоқда. Жумладан, Тожикистон Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлиги 2025 йилнинг биринчи ярмида Афғонистон билан чегарада Тожикистон хавфсизлик кучлари ва афғон наркодилерлари ўртасида ўнта қуролли тўқнашув қайд этилгани ҳақида хабар берди.

Агентликка кўра, отишмалар оқибатида 4 жиноятчи зарарсизлантирилган. Уларнинг барчаси Афғонистон фуқаролари бўлган. Воқеаларнинг аксарияти Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти билан чегарадош Афғонистон Бадахшон вилоятининг чегара ҳудудларида содир бўлган. Қоидабузарлар оғир қуроллар ва замонавий алоқа воситаларидан фойдаланишган. “Аvesta” нашрининг ёзишича, ушбу даврдаги тўқнашувлар сони 2024 йилдаги худди шундай кўрсаткичдан ошиб кетган. Чунки ўтган йили шу давргача мазкур кўринишдаги қуролли зиддиятлар олти маротаба юз берган. Тожикистон Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлиги жорий йилнинг биринчи ярмида Афғонистон билан чегарада 1 тонна 692 килограмм наркотик модда мусодара қилингани маълум қилди. Бу эса бутун мамлакат бўйлаб олиб қўйилган мусодараларнинг ярмидан кўпини, аниқроғи 54,4 фоизини ташкил этади.

Тожикистон Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлиги шундай маълумотлар билан ўртоқлашган бир пайтда Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга тижорат мақсадида келганлар ичида Афғонистон фуқаролари етакчилик қилаётганини маълум қилди. Маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида жами 223,6 минг нафар чет эл фуқаролари тижорат мақсадида Ўзбекистонда бўлган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 158,6 минг нафарга ёки салкам 3 ярим баробарга ошган. Афғонистон фуқаролари эса ўша 223,6 минг хорижликнинг деярли 93 фоизини ташкил қилади.

Аниқроқ қилиб айтганда Афғонистондан 207 536, Тожикистондан 12 244, Туркманистондан 1 642, Россия 451 Туркия 276, Қозоғистон 255 ва бошқа давлатлардан жами 1 177 нафар фуқаро Ўзбекистонга тижорат мақсадида келган.

Хитойдаги безгак Ўзбекистонда ҳам тарқаладими?

COVID 19 дан кейин дунёнинг исталган бурчагида, айниқса, Хитой бирон бир вирус тарқаладиган бўлса, бу қисқа вақт ичида кенг миқёсдаги хавотирларни келтириб чиқариши одатий ҳолга айланди. Масалан, сўнгги кунларда Хитойнинг Гуандун провинциясида деярли 4 мингта янги чикунгуня безгаги ҳолати қайд этилди. Мамлакат ҳукумати оғир ёки ўлим ҳолатлари ҳозирча аниқламаганини маълум қилди. Чикунгуня – бу чикунгуня вируси сабабли келиб чиқадиган касаллик бўлиб, у одамга чивин чақиши орқали юқади. Вирус юққанидан кейин 3-7 кун ўтиб аломатлар пайдо бўлади. Унинг кенг тарқалган белгилари – иситма, бўғимдаги шиш ва оғриқлар,  бош, мушак оғриғи, шунингдек, тошмалар ҳам кузатилиши мумкин.

Касалликнинг оғирроқ ривожланиши хавфи юқори бўлган шахслар – янги туғилган чақалоқлар, 65 ёшдан ошганлар ва юрак, қон босими ёки қанд касаллиги бор одамлар экани айтилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса ўз расмий сайтида чикунгуня вируси Африка, Осиё ва Америка мамлакатларида чивинлар орқали инсонларга юқишини маълум қилди. Аммо чикунгуняга қарши тасдиқланган вакцина ёки махсус даволаш усули ҳозирча мавжуд эмаслиги ҳам эслатилган. Хитойда эса юқумли касалликлар профилактикаси бўйича мутахассислар касаллик тарқалишининг сабабларидан бири сифатида ёмғир мавсумини кўрсатишмоқда. Бу даврда касаллик ташувчи чивинлар сони кўпаяди. Хитой нашрларининг ёзишича, мамлакат олимлари айни пайтда вирус ташувчи чивинларни еб қўядиган йирик турдаги чивин личинкаларини тарқатишни бошлаган.

Маълумки, Хитой Ўзбекистондан унчалик узоқ эмас. Қуруқлик орқали чегарага эга бўлмасада, икки мамлакат орасидаги энг қисқа масофа 340-350 км ташкил қилади. Бундай ҳолатда эса чин ўлкасида қайд этилган чикунгуня вируси Ўзбекистонда ҳам хавотирларни келтириб чиқариши табиий эди. Бироқ Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мазкур ҳолат бўйича маълумот берди. Билдирилишича, Хитойда тарқалган безгак Ўзбекистонга хавф солмайди. Чунки ушбу касалликни тарқатувчи “Aedes albopictus” номли чивинлар Ўзбекистон табиатида учрамайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Владимир Путин Дональд Трамп Хитой Ҳиндистон Украина Дмитрий Медведев Марказий Осиё Оқ уй Кремл АҚШ–Россия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг