Путинга ўзбекистонликлар устидан назоратни кучайтириш таклиф қилинди
Олам
−
05 Август 2023
55953Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Путинга муҳожирлар устидан шикоят қилди. У бу борадаги қонунчиликни кучайтиришни таклиф қилди ва акс ҳолда “мигрантларнинг маҳаллий можаролари оммавий кўча тартибсизликларига айланиб кетиши”дан огоҳлантирди. Улар орасида ўзбек мигрантлари алоҳида эслаб ўтилган. Бу ҳақда “Baza” хабар берди.
Декабрь ойининг охирида Тергов қўмитаси раиси Президентга янги келганларнинг жиноятлари ҳақида батафсил хат юборди. Александр Иванович “вазиятни қиздирган” ўзбеклар, қирғизлар, тожиклар ва тажовузкор меҳнат муҳожирлари ҳақида гапирар экан, уларнинг бу ҳаракатлари халқ отрядлари шаклланишига олиб келганини билдирган. Бастрикиннинг ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилнинг 11 ойи давомида хорижликлар 33,5 мингдан ортиқ жиноят содир этган. Раис улар орасида Виборгдаги воқеани – олти нафар ўзбекистонлик икки полициячини қаттиқ калтаклагани алоҳида қайд этган.
Шу билан бирга, Бастрикин жамиятдаги кайфият ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, ўзбеклар ва бошқа юқорида келтирилган муҳожирлар маиший хизмат кўрсатиш соҳасини “монополияга олган” ва Федерация фуқаролари улардан “жиддий хавотирда”.
Шу сабабдан Тергов қўмитаси раиси миграция қонунчилигини қатъийлаштиришни таклиф қилди. Унга кўра, иш берувчиларнинг мигрантларни уй-жой билан таъминлаш ва транспорт учун сарфлайдиган харажатларини тўлаш, ташриф буюрувчиларни рўйхатга олишни жорий этиш ва аҳолининг этник-маданий мувозанатини сақлаш чораларини кўриш режалаштирилмоқда.
Маълумот учун, 2021 йил декабрь ойида 6 нафар ўзбекистонлик муҳожир Ленинград вилояти Виборг шаҳридаги маиший хизмат дўконларидан бирида уларга 22:00 дан кейин ароқ сотилмагани сабаб жанжал кўтарган ва текширишга келган икки полиция майорини, шу жумладан Луговой, маҳаллий навбатчилик бўлими бошлиғини қаттиқ калтаклаган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг олти ойи давомида Россия ҳудудида муҳожирлар томонидан 22 мингдан ортиқ жиноят содир этилган. Бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 6,3 фоизга кўп.
LiveБарчаси