Путин захирадаги хизматчиларни ҳарбий тайёргарликка чақирди
Олам
−
27 Апрель 2021
11643Россия Президенти Владимир Путин захирада бўлган мамлакат фуқароларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Тегишли ҳужжат ҳуқуқий маълумотларнинг расмий Интернет порталида эълон қилинди.
Фармонга биноан, ҳукумат ва вилоят ҳокимиятларига муддатли ҳарбий хизматга чақириш ҳамда ҳарбий машғулотлар ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш буюрилган.
Ҳужжат расмий эълон қилинган кунидан бошлаб кучга киради. Фармонга биноан, Россия Қуролли кучлари ва Федерал хавфсизлик хизматида ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказилади.
Мамлакатдаги ҳарбий вазият бўйича ҳолатни Донбассдаги вазият билан боғлаш мумкин. Сўнги пайтларда ушбу ҳудуд билан чегарада рус ҳарбийлари кўпайиб, можаро қайта авж олмоқда. Бунга бир неча хорижий давлат ва ташкилотлар ҳам ўз муносабатини билдирди.
Қайта авж олган ҳарбий ҳаракатлар
Жорий йилнинг март ойида Донбассдаги вазият яна кескинлаша бошлади. Бунга Украинанинг НАТОга қўшилиш томон қилган ҳаракатлари сабаб бўлгани айтилмоқда.
Украина ҳам, Россия ҳам ушбу минтақага чегарадош бўлган ўзининг ҳудудига ҳарбий кучларини тўпламоқда. Бундан ташқари, Украина раҳбари Зеленский ҳарбий туташув чизиғига бориб, мудофаанинг энг олди позицияларида хизмат вазифасини ўтаётган ҳарбийлар билан суҳбатда бўлиб, уларга мукофотлар топширган.
Ўз навбатида Россия Украинанинг НАТОга қўшилиши Донбассдаги можарони ҳал қилмаслигини таъкидлаган. Бошқача позиция тутган давлатлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Туркия ва АҚШ Украинанинг ушбу ҳарбий блокка қўшилишини ёқламоқда.
Кейинчалик,Германия канцлери Ангела Меркель, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Украина Президенти Владимир Зеленский Россия қўшинларини Украина чегараларидан олиб чиқишга чақирди.
LiveБарчаси