Путин ва Тўқаев энди “дўст” ёки “ишончли ҳамкор” бўлолмайди – Раббимов Россия-Қозоғистон уруши эҳтимоли ҳақида
Жамият
−
28 Июль 2022
27686Россия Президенти Владимир Путин ёмон хотирали сиёсатчи. У Қозоғистон етакчиси Қосим Жомарт-Тўқаевнинг манёврларини ютиб юбормайди, имкон бўлиши билан жавоб беради. Бу ҳақда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Facebook'даги саҳифасида сўз очди.
“Бундан кейин, минтақа учун ўта муҳим сиёсий ва геосиёсий масалалардан бири – бу Россия-Қозоғистон муносабатларини кузатиб бориш бўлади. Путин-Тўқаев муносабатлари шаклланиб бўлди: ишончсизлик, совуқлик, яширинча ва ошкора зўриқишлар, фикрий тўқнашувлар. Ўзаро инкор қилиш муносабатлари расман ва чуқур бир даражада расмийлаштирилди. Путин ёмон хотирали сиёсатчи. У Тўқаевнинг бу манёврларини ютиб юбормайди, имкон бўлиши билан жавоб беради”, дея ёзиб қолдирган у.
Сиёсатчининг фикрича, бугун Россияга икки фронтда урушиш оғирлик қилади. Айни пайтда, Путин Қозоғистонни “енгил ўлжа” сифатида кўриши ҳамда Украина “мағлубияти” учун яхши компенсация сифатида қараши ҳам мумкин. Қозоғистон жамоатчилигида ҳам хавотирлар ошиб бормоқда.
“Тўқаев учун “давлатнинг қадр-қиммати” – компромиссга бориб бўлмайдиган, геосиёсий тактикада “вақтинчалик иккинчи даражали масала” сифатида кўрилмайдиган ҳолат эканлиги маълум бўлди. Бир сўз билан айтганда, Путин-Тўқаев муносабатлари шаклланиб бўлди. Булар энди ўзаро “дўст” ёки “ишончли ҳамкор” бўла олмайди”, дейди Раббимов.
Унинг сўзларига кўра, Путин бу яқин орада ҳокимиятда кетмайди. Тўқаев ҳам ўз мавқеини мустаҳкамлаб олган.
“Демак, яқин йилларда кучайиб борувчи Россия-Қозоғистон зўриқишларини кутишга асос бор. Бу зўриқишлар яқин ярим-бир йил ичида динамик эмас, секин кечувчи бўлади. Ундан кейин қандай кўринади – Украина уруши ва Марказий Осиё минтақасининг, туркий давлатларининг жипслигига, Россиядаги сиёсий вазиятга кўп нарса боғлиқ бўлади”, дея таъкидлади сиёсатчи.
Аввалроқ, Қозоғистон Россия билан урушдан хавфсираб, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қарор қилгани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот учун, бошқа Марказий Осиё давлатлари каби Қозоғистон ҳам Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин урушга нисбатан бетарафликни сақлаб қолди. “The Wall Street Journal” маълумотларига кўра, мамлакатда нозик мувозанат сақланиб турибди: Қозоғистон Украинадаги урушга қарши намойишларни тақиқлади, бироқ Россия босқинининг рамзларидан бири бўлган “Z” белгисини омма олдида намойиш қилишни ҳам чеклади.
17 июнь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия Президенти Владимир Путин иштирокидаги Санкт-Петербург иқтисодий форумида нутқ сўзлаб, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХРни квазидавлат ҳудудлари деб атади ва Қозоғистон уларни тан олмаслигини маълум қилди.
Бундан ташқари, Қозоғистон Ғарбнинг айрим санкцияларини қўллаб-қувватлашга тайёрланаётган эди: июль ойи бошида Қозоғистон Молия вазирлиги санкция рўйхатига киритилган товарларни Россия ва Беларусга етказиб беришни тақиқловчи буйруқ лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. 6 июль куни Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков буни изоҳлар экан, ҳозирча ҳеч қандай қарор йўқлигини ва “ҳукуматлар доимий алоқада” эканини айтди. Шундан кейин ҳужжатнинг қабул қилиниши ҳақида хабар берилмаган.